Спортимиз фахрийлари доимо ҳурмат-иззатда

Бугун ўзбек қиличбозлигининг фахрий вакилларидан бири Валерий Каданцев ўзининг юбилей 80 ёшини қарши олди. Ўзбек спортининг бундай фахрий вакиллари доимо ардоғимизда бўлиб келган. Ушбу сана муносабати билан бугун Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Комилжон Худойберганов, Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси раҳбарияти Валерий Васильевични муборак ёши билан қутлашди ва унга эсдалик совғаларини тақдим қилишди.

Валерий Васильевич Каданцев 1940 йил 24 август куни Қўқон шаҳрида туғилган. Қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича Собиқ Иттифоқ чемпиони, кўплаб халқаро нуфузли мусобақалар ғолиби ва совриндори ҳисобланади. Валерий Васильевич спортчилик фаолиятини якунлагач мураббийлик соҳасини танлади. Узоқ йиллар мобайнида Геннадий Пелих, Константин Коновалов, Олег Тихомолов, Руслан Кудаев каби номдор қиличбозларга устозлик қилган.

Совғаларни қабул қилиб олар экан, Валерий Каданцев ҳозирда юртимизда спортни ривожлантириш бўйича ҳукуматимиз томонидан қаратилаётган эътибор, спорт фахрийларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитларни алоҳида таъкидлаб ўтди. Ўзининг спорт фаолиятини, ҳозирда терма жамоамизда фаолият олиб бораётган 3 карра Олимпиада чемпиони Владимир Назлимов билан бирга шуғулланган пайтларни гапириб берди.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳам Валерий Каданцевни таваллуд айёми билан табриклаб, у кишига узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қолади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *