Спорт — иккинчи имконият

Шахноза Мирзаева 10 ёшида автоҳалокатга учраб, оёғининг бир қисмидан ажралди. Бахтсиз ҳодисага қарамасадн, у спортни танлади ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпиони бўлди.

БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ёшлигида бахтсиз ҳодиса оёғи ампутация қилинган ва орзусидан воз кечишига тўғри келган, лекин кейинчалик ўз ҳаёт йўлини топа олган, жаҳон чемпионлиги шоҳсупасига кўтарилган Шахноза Мирзаеванинг ҳикояси билан бўлишди. «Газета.uz» ҳикояни жузъий таҳрир билан тақдим этади.

Шахноза Мирзаева доимо фаол қизлардан бўлиб келган. Унинг қизиқишлари қаторида рақсга тушиш, расм чизиш, тўқишни санаб ўтиш мумкин. Шахнозанинг онаси унинг барча қизиқишларини қўллаб-қувватлаб келган. «Мен шифокор бўлишни орзу қилардим», — дейди Шахноза, «аммо 10 ёшимда жиддий бахтсиз ҳодиса юз берди ва оёғимнинг бир қисмини ампутация қилишга тўғри келди. Ўшанда менга шифокор бўлиш учун тиббий кўрикдан ўта олмаслигимни айтишган эди. Энди бу ҳақиқат эмаслигини биламан, лекин ўшанда мен ўз орзуимдан воз кечган эдим».

Шахнозанинг реабилитацияси тахминан бир йил давом этди. «Протез оёғимга кўникишим биланоқ фаол ҳаёт тарзимни давом эттирдим. Мен яна велосипед ҳайдашни ўргандим, ўз маҳалламдаги болалар билан ўйнардим», — дейди Шахноза.

Ўзингни қўлга ол ва машқ қилишни бошла

Шахноза ўз жисмоний тарбия ўқитувчисини меҳр билан эслайди: «Мактабга қайтиб келганимда ўзимни ғалати ҳис қилдим. Спорт залидаги биринчи машғулот пайтида мен шунчаки бир четда ўтирганимни сездирмасликка ҳаракат қилдим, лекин ўқитувчим мен томон келиб „Нега ўтирибсан? Машғулотни бошла!“ деди, гўё мендаги ўзгаришни сезмагандек».

Шахноза ўша ўқитувчининг кўмаги ва далда бериши туфайли ўзининг спортга мойиллигини кашф этди. Аввал баскетбол, кейин милтиқдан отиш билан шуғулланди.

«Уч йил давомида мен ҳар куни камида тўқсон дақиқа ўқ отиш билан шуғулланганман. Тикка туришим керак бўлганлиги сабабли оёқларимга катта босим тушар эди ва бу мени анчагина қийнарди», — дея тушунтиради у. «Каноэда эшкак эшиш борасида кимдир менга мурожаат қилганида, мен буни синаб кўрдим ва машқ қила бошладим».

Профессионал спорт

Шахнозага каноэда эшкак эшишни ёқиб қолди ва бу билан профессионал тарзда шуғулланишга қарор қилди.

«Биринчи катта мусобақам 2016 йилда каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё очиқ чемпионатида бўлди. Фақатгина битта рақибим бор эди. Аммо мен жуда оз вақт фарқи билан ютқаздим. Ушбу тажриба менга бу спорт билан янада қаттиқ шуғулланишга илҳом бағишлади. Мен бир машғулот лагеридан бошқасига саёҳат қилдим. Кўп вақтимни машғулотларда сарфлашни бошладим».

«2017 йилда Чехияга биринчи жаҳон чемпионатига бордим. Мураббийсиз, бошқа мамлакатда, катта халқаро спорт тадбирида мен ҳаяжон ва хавотирга тушдим, аммо финалчилар қаторига қўшилишга муяссар бўлдим. Финал пойгаси давомида мен иккинчи бўлиб келдим. Бу жуда яхши ютуқ эди ва мен бундан ҳам яхши натижа кўрсатишим мумкилигини ва бунинг учун янда кўпроқ ишлашим кераклигини англадим», — дейди Шахноза қатъият билан.

2019 йилда Шаҳноза Венгрияда ўтган каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди. «Бу ажойиб туйғу эди. Менинг рақибларим анча тажрибали эдилар, уларнинг аксарияти Паралимпия ўйинларининг совриндорлари эди. Мени ҳеч ким танимас эди, лекин мен биринчи бўлиб келдим», — кулиб эсга олади Шахноза.

Пандемия давридаги спорт машғулотлари

Шахноза 2020 йилда Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётганда, COVID-19 пандемияси авж олди ва шу билан ўйинлар қолдирилди.

«Бу мен учун яхши хабар эмас эди ва мен учун психологик жиҳатдан қийин бўлди. Мен ўйинларга астойдил тайёргарлик кўргандим ва коронавирус туфайли киритилган карантин чоралари ва чекловлар ҳамма учун бирдек ноаниқлик ва қийинчиликлар туғдирди. Бирмунча вақт мен одатдагидек ташқарида сувда машқ қила олмадим. Мураббийим билан фақат телефон ёки видеоалоқа орқали гаплашишим мумкин эди».

Шунга қарамай, Шахноза ўз мақсади сари интилишда тўхташни истамади. «Онам менинг энг катта илҳом манбаимдир. Баъзан қаттиққўл, лекин у доимо ёнимда. У ҳар йиқилганимда туришни ва юришни давом эттиришни ўргатди».

«Мен спортни танлайман»

Олимпия ўйинлари энди сентябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Шахнозанинг барча саъй-ҳаракатлари ушбу мусобақага қаратилган.

«Спорт менинг ҳаётим! Ҳатто спорт бўйича бакалавр даражасини олишга қарор қилдим. Профессионал спорт фаолиятим тугаганидан кейин келажакда нима қилишимни ҳозирча билмайман. Дипломим билан мен янги авлод билан ишлаш, ўз билимларимни етказиш, мураббий бўлишим мумкин».

Шахноза вақти-вақти билан мактаблар ва спорт марказларига ташриф буюриб, ёшлар билан суҳбатлашади, ўз ҳаёти билан ўртоқлашади ва уларни спорт билан шуғулланишга ундайди. БМТнинг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) уни ижтимоий қадриятлар ҳамда ҳурмат, ҳалол кураш ва ҳаётда тўғри қарор қабул қилишни тарғиб қилиш ва спортнинг афзалликларини барчага етказиш бўйича жамоатчилик хабардорлигини ошириш ҳаракатида иштирок этишга чорлади.

«Мен спортни танлайман» ҳаракати мотивацион видеофильмларни ўз ичига олган бўлиб, улардан асосий мақсад спортнинг гиёҳвандлик, жиноятчилик ва зўравонликка қарши аҳамиятини оширишдаги ўрнини очиб беришга йўналтирилган. Бу ҳаракат UNODCнинг «Ёшлар орасида жинойатчиликнинг олдини олиш» ташаббуси ва ҳаётий кўникмаларни ўргатиш бўйича ўқитиш дастури «Line Up Live Up» доирасида ишлаб чиқилган.

«Бу ҳар бир ёш, айниқса, мен каби ҳаётдан мақсад ва маъно излаётганлар учун ажойиб ташаббус. Спорт — бу сизга кўплаб кўникмалар бера оладиган хазина сандиғидир. У сизни кучли қилади, характерингизни шакллантиради. Мен ҳаётимнинг мазмунини спорт орқали топдим ва бундан хурсандман», — дейди Шахноза.

Шахноза сингари миллий спорт чемпионларини ижобий намуна сифатида намойиш этувчи видеороликлар миллий телеканалларда ва Тошкент метросида намойиш этилди ва улардан Ўзбекистоннинг умумтаълим мактабларида 2 миллион ўқувчи учун мотивацион ўқитиш воситаси сифатида фойдаланилмоқда. Шахноза иштирокида ушбу акция қизларни спорт билан шуғулланишга ва ўз қобилиятларига ишонишга ундайди.

«Ўзим учун эслатма»

«Агар мен бахтсиз ҳодисага дуч келмасам, ҳаётим қандай бўлишини қайта-қайта ўйлардим. Энди ишонч билан айта оламанки, ўша кун учун ҳеч ҳам афсусланмайман. Балки мен илгари орзу қилганим каби шифокор бўлмагандирман, аммо ҳозир эришганларим ундан ҳам яхши! Ҳаётимда содир бўлган ҳодисалар менга кимлигимни англашимга туртки бўлди. Аксинча бўлганида ўз йўлимни топа олган бўлардим деб аниқ айта олмайман. Спорт менга ҳаётда иккинчи ва эҳтимол яхшироқ имконият берди. Бугун мен Жаҳон чемпиони бўлиш шарафига муяссар бўлдим. Мен ўз мақсадимни топганимни ҳис қиламан ва ҳеч қачон ортга қарамайман ва фақат олдинга интиламан».

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *