Спорт курашлари бўйича терма жамоаларимиз онлайн машғулотда қатнашишди

Белгилаб олинган жадвал асосида терма жамоаларимизнинг онлайн машғулотлари давом этади. Бугун спорт курашлари бўйича терма жамоамиз вакиллари навбатдаги онлайн машғулотни ўтказди. Машқларни мураббий Азиз Улахунов олиб борди. Мазкур жараённи МОҚ ҳамда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раҳбарияти ҳам бевосита кузатиб борди.

Азиз Улахунов дастлаб енгил чигалёзди, сўнгра юклама машқларини намойиш қилди. Шундан сўнг кураш техникасига оид ҳаракатлар бажариб борилди. Спортчиларнинг ҳаракатларини эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича терма жамоамиз мураббийлар штаби кузатиб борди. Машғулотларда 30 га яқин спортчи иштирок этди.

Спорт курашларидаги ҳар бир йўналиш яккакураш тури бўлиб, бунда спортчилар рақибни ҳис қилишлари талаб қилинади. Шу нуқтаи назардан мураббийлар штаби МОҚ раҳбаридан қачондан ўқув-машғулот йиғинларини бошлаш ҳақида маслаҳат сўрашди. Ўз навбатида МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди.

Аввало, карантин кунларида ҳам мана шундай машғулот олиб бораётганингиз учун барчангизга ташаккур айтиб қоламан. Ҳозирги кунда вазиятни барчамиз кўриб турибмиз. Ҳукуматимиз терма жамоаларимизнинг ўқув-машғулот йиғинларини доимо қўллаб келган. Бироқ айни паллада йиғин ташкил қилишнинг мавриди эмас, деб ҳисоблайман. Боиси бу борада Республика махсус комиссиясининг ҳам қарори бор. Карантин чекловлари юмшатилиб, махсус комиссиянинг ЎМЙ учун расмий рухсат беришини кутишни таклиф қиламан”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *