Стол тенниси ва гандбол федерацияларининг дастурлари муҳокама қилинди

Хабар берганимиздек, шу кунларда Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларнинг Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик дастурлари муҳокама қилинмоқда. Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда йўлга қўйилган ушбу дастурда федерация вакиллари ўз режалари ҳақида батафсил маълумот беришмоқда. Бугун ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон стол тенниси ва гандбол федерациялари билан ташкил қилинди. Унда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, шунингдек, қўмита мутасадди вакиллари иштирок этишди.

Дастлаб стол тенниси бўйича федерация раиси Саида Маҳмудова ўз дастурларини маълум қилди. Таъкидлаш жоиз, муқим базасига эга бўлмаган ушбу спорт тури учун Тошкент темир йўл муҳандислари институти ўз бағрини очмоқда.

«Профессионал спортдан ташқари оммавий спортни ривожлантириш борасида яхши таклифлар бўлди. Айниқса, спортчиларимизнинг шуғулланиши учун беминнат ёрдам қўлини чўзаётган бундай ташкилотларга мингдан минг раҳмат деймиз. Йирик мусобақалар масаласига келсак, планкани юқори олиш керак. Аввало, Олимпиада лицензияси. Кейин ундаги муваффақиятли иштирокка эътибор қаратиш лозим. Керак бўлса, хорижлик мутахассисларни жалб этиб, янги методика киритайлик”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Ўз навбатида, Ўзбекистон гандбол федерациясининг ҳам режалари атрофлича кўриб чиқилди. Бу борада федерация Бош котиби Исмоил Матхаликовга ҳам аёллар, ҳам эркаклар терма жамоаларини Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун тайёрлаш бўйича топшириқлар берилиб, улар учун ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиши учун барча шарт-шароитларни яратиш бўйича фикрлар билдирилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *