Суперлига. “Бунёдкор” марказлашган ўйинларга қарши. Қолган клублар бу ҳақда нима дейди?

ЎзПФЛ Суперлиганинг сўнгги 4 та тур учрашувларини қандай тартибда ўтказиш борасида барча клубларнинг бирламчи таклифларини ўрганиб чиқди. Бу ҳақда ташкилот расмий сайти хабар берди.

Унга кўра, 8 та клуб — “Қизилқум”, “Қўқон-1912”, “Пахтакор”, “Бухоро”, “Сурхон”, “Металлург”, “Машъал” ҳамда “Локомотив” футбол клублари худди I даврадаги бўлгани каби, сўнгги тўрт тур учрашувларини ҳам марказлаштирилган тартибда ўтказиш таклифини берган.

Шунингдек, 5 та клуб — АГМК, “Сўғдиёна”, “Насаф”, “Навбаҳор” ва “Андижон” клублари нейтрал майдонлар масаласини илгари сурган. Ва фақатгина “Бунёдкор” футбол клуби учрашувлар тақвимда қандай акс этган бўлса, шундай қолишини истаган.

ЎзПФЛ марказлаштирилган тақвим айни ҳолатда “Пахтакор”, “Сурхон”, “Металлург” ва “Локомотив” футбол клубларига қулайлик туғдиришини, айрим жамоалар учун эса моддий тарафдан қимматга тушишини инобатга олади. Шунингдек, сўнгги тўрт тур учрашувлари учун пойтахтдан қўним топишни режалаштирган жамоалар таклифини ҳам назарда қочирмасликка ҳаракат қилади.

Шундан келиб чиқиб, янги илова клубларга юборилди. Бунда нейтрал майдонларни афзал билган клублар таклифи инобатга олинган. Қўшимчасига, учрашувларини пойтахт ва Тошкент вилоятида ўтказиш истагини билдирган клублар учун ҳам иложи борича қулайроқ майдонлар кўрсатиб ўтилган.

ЎзПФЛ жамоалар ўз учрашувлари жойини тез орада тасдиқлашларини кутади. Шу асосда ноябрь ойидаги ФИФА кунларидан кейин бўлиб ўтадиган сўнгги тўрт тур тақвими ишлаб чиқилади ҳамда бу борада Спорт-ТВ канали билан фикр алмашилинади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *