Суперлига ўйинлари август ойи якунига қадар марказлашган ҳолда ўтказилади

Бугун Cоcа Cола Суперлига клублари бош мураббийлари ва раҳбарлари, шунингдек, ЎзПФЛ ва ЎФА раҳбарияти чемпионат учрашувларини қандай давом эттириш юзасидан фикр алмашди. Йиғилишга ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳамда ЎзПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев бошчилик қилди.

Мавжуд шароитдан келиб чиқиб, август ойи сўнгига қадар Суперлиганинг биринчи давра учрашувлари марказлашган ҳолда Тошкент шаҳри ва вилояти стадионларида ўтадиган бўлди. Бунда асосий жамоалар табиий майдонларда, У-21 жамоалари эса сунъий майдонларда учрашув ўтказади.

Қайд этиш керак, ЎзПФЛ мазкур йиғилишда мусобақаларни ўтказиш юзасидан икки хил вариантни презентация қилди. Шунингдек, айни ҳолат ҳамда тақвимдаги ноқулайликлар борасида тушунтириш берилди, марказлашган мусобақанинг афзалликлари ва камчиликлари слайд кўринишида тушунтирилди. Шундан сўнг, клублар вакилларига ўзаро фикр алмашиш учун танаффус берилди. Якунда марказлашган турнир лойиҳаси клублар вакиллари томонидан маъқуллади.

Келишувга кўра, ҳеч бир жамоа ўз майдонида учрашув ўтказмайди. Барча учрашувлар нейтрал стадионда ўтказилади. Клублар ўзлари танлаб олган қароргоҳда истиқомат қилади ва ундан фақатгина машғулот ҳамда ўйинларга рухсат этилган автомобилида қатнайди.

ЎзПФЛ пандемия даврида футбол учрашувларини қайта тиклаш шартлари акс этган регламентни тақдим этди. Август ойидаги ўйинлар давомида мана шу регламентга амал қилиниши назорат қилинади. ЎзПФЛ тиббиёт ходимларидан иборат комиссия тузишни режалаштирган. Мазкур комиссия клублардаги ҳолатни ўрганиб боради.

Чемпионатнинг иккинчи давраси ҳамда кубок учрашувларининг қайта тартибда ўтиши масаласи кейинроқ муҳокама этиладиган бўлди. Бунинг учун миллий терма жамоанинг Тожикистон ва Эронга қарши ўртоқлик ўйинларида майдонга тушиши ёки тушмаслиги масаласи тўлиқ ҳал этилиши лозим. Шундан кейингина куз фасли учун навбатдаги режаларни ишлаб чиқиш мумкин. Катта эҳтимол билан форматнинг ўзгариши мумкинлиги, шундан келиб чиқиб, жамоалар турнир жадвалидаги ўринларини яхшилаб олиш учун жиддий бел боғлашлари тушунтирилди.
Ҳолат бир неча ойлик режалар ишлаб чиқиш имконини бермайди. Терма жамоалардан ташқари ОФК миқёсида ўтадиган Осиё Чемпионлар лигаси мусобақаси ҳамда Ўзбекистон мезбонлигида ўтадиган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати масаласи билан боғлиқ янгиликлар ҳам ҳар қандай режага ўз таъсирини ўтказади. ЎзПФЛ термалар билан боғлиқ жараёнлар ҳал этилишига, авиа ва темир йўл қатновлари тикланишига ҳамда карантин қоидаларининг яна бир қатор меъёрлари ўзгаришига қараб кейинги режаларни маълум қилиб боради.

Қайси учрашувнинг қайси майдонда ўтишига яқин кунлар ичида ойдинлик киритилади. Қуйида ўйинлар жадвали билан танишиш мумкин:

9-тур

14 август, Жума

Бухоро – Бунёдкор

10-тур

17 август, Душанба

Насаф – Сўғдиёна

Бунёдкор – Металлург

АГМК – Локомотив

18 август, Сешанба

Қўқон-1912 – Пахтакор

Машъал – Андижон

Қизилқум – Бухоро

19 август, Чоршанба

Сурхон – Навбаҳор

11-тур

20 август, Пайшанба

Сўғдиёна – Бунёдкор

21 август, Жума

Пахтакор – Насаф

Андижон – АГМК

Локомотив – Қўқон-1912

22 август, Шанба

Навбаҳор – Машъал

Металлург – Қизилқум

Бухоро – Сурхон

12-тур

24 август, Душанба

Насаф – Бунёдкор

Қўқон-1912 – Андижон

Пахтакор – Локомотив

25 август, Сешанба

АГМК – Навбаҳор

Сурхон – Металлург

Қизилқум – Сўғдиёна

26 август, Чоршанба

Машъал – Бухоро

13-тур

27 август, Пайшанба

Андижон – Пахтакор

Локомотив – Насаф

28 август, Жума

Сўғдиёна – Сурхон

Навбаҳор – Қўқон-1912

Бунёдкор – Қизилқум

29 август, Шанба

Бухоро – АГМК

Металлург – Машъал

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *