Тест олинадиган йўналишларда ижодий имтиҳонлар бекор қилиниши мумкин

Ўзбекистонда бу йилги кириш имтиҳонларида айрим йўналишларда ижодий имтиҳонлар бекор қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақида АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Ҳолиқов маълумот берди.

«Ижодий имтиҳони бор ОТМ йўналишлари 2 турга бўлинади: уларнинг биринчиси тест билан биргаликда ўтказиладиган ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишлар бўлса, иккинчиси фақат ижодий имтиҳонлар олинадиган йўналишлар ҳисобланади.

Тест ва ижодий имтиҳонлар бирга ўтказиладиган йўналишлар, масалан, журналистика таълим йўналиши кабиларда ўша ОТМлар ректорлари хулосалари ўрганилиб, абитуриентни 2 марта овора қилмаслик учун ижодий имтиҳон ўрнига ўтган йили фанлар блокида мавжуд бўлган фанлардан фақат тест олиш таклифи Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси берилган», деди вазирлик бошқарма бошлиғи.

Қайд этилишича, бу фақат жорий йил учун истисно тариқасида таклиф қилинган. Бу йўналишда тест топширадиган абитуриентнинг саволлар мажмуасида бегона фан бўлмайди. Олдинги йилларда имтиҳонда мавжуд бўлган фанлардан имтиҳон олинади.

Фақат касбий ижодий имтиҳон ўтказиладиган йўналишларда эса имтиҳонлар ДТМ томонидан тест синовлари бошланган пайтда олий таълим муассасалари биноларида ёки базадаги тегишли биноларда ўтказилади.

Маълумот учун, бакалавриатнинг 13та таълим йўналишига ўқишда киришда битта фандан тест ва касбий (ижодий) имтиҳонлар ўтказилиши белгиланган эди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *