Тиббиёт вакиллари иштирокида онлайн конференция бўлиб ўтди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ва МОҚ қошидаги Республика спорт тиббий илмий-амалий маркази (РСТИАМ) томонидан «Спортчиларда COVID-19 ни даволаш баёноти ва тиббий реабилитация масалалари: амалий жиҳатлари» мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Анжуман давомида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг COVID-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича тасдиқланган вақтинчалик тавсиясига мувофиқ клиник кўрсатмалар ва даволаш дастурларини таҳлил қилиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Семинарда спорт секциялари шифокорлари, спорт мактаблари, вилоятларнинг спорт бошқармалари, шунингдек, МОҚ раҳбарияти иштирок этди. Таъкидлаш жоизки, конференцияда Туркиядан келган мутахассислар ҳам қатнашиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди ва иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб бердилар.

Тадбир давомида спорт тиббиёти доктори Tатьяна Таралёва ва спорт тиббиёти кафедраси мудири Суннатилла Йўлчиев мавзу юзасидан маъруза қилишди. Ҳар бир тақдимотдан кейин иштирокчилар билан қатор масалалар ҳам муҳокама қилиб олинди. Конференция давомида МОҚ президенти Рустам Шаабдурахманов ҳам ўз фикрларини билдирди.

Авваламбор, тиббиёт соҳасининг барча вакилларига, шу жумладан, Туркиядан келган мутахассисимизга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Бугунги кунда сизнинг елкангизда жуда катта масъулият бор ва бунга қарамай, Сизлар тўлиқ садоқат билан ишламоқдасиз. Сизни тиббиёт марказимиз билан биргаликда ишлашга, тажриба ва билим алмашишга чорламоқчиман. Келгусида минтақавий бўлимлар вакиллари ҳам бизнинг тиббиёт марказимиз хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Фурсатдан фойдаланиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг барча тавсияларини ўз вақтида бажаришингизни ва спортчиларнинг ҳолатини тўлиқ назорат қилишингизни сўраймиз. Агар кимда қандайдир муаммо бўлса, дарҳол биз билан боғланинг«, – деди МОҚ раҳбари.

Шунингдек, МОҚ қошидаги РСТИАМ директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдушукур Содиқов ҳам сўзга чиқиб, спорт тиббиёти вакиллари нафақат спортчилар, балки бутун мамлакатимиз аҳолиси саломатлиги учун жавобгар эканлигини қўшимча қилиб ўтди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларни бериб, билим ва тажрибаларини янада бойитиш имконига эга бўлишди. Асосийси, МОҚ раҳбари томонидан ўзаро малака алмашиш мақсадида бундай конференцияни ҳар ойда ўтказиш таклифини берди

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *