Токио-2020 га лицензия қўлга киритган пара таэквондочиларимиз тақдирланди

Бугун Туризм ва спорт вазирлигида Ўзбекистон спортчиларини 2021 йuл Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ҳамда ХVI Паралимпия ўйинларига сўнгги тайёргарлик жараёни билан боғлиқ ташкилий масалаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Туризм ва спорт вазири Азиз Абдухакимов, вазирлик ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси мутасаддилари, спорт федерациялари ва ассоциацияларининг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Йиғилишда дастлаб Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритган спортчилардан бир гуруҳи ҳамда уларни тайёрлаган тренерлар пул мукофотлари билан тақдирланди. Президент қарорига мувофиқ, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма олган спортчиларнинг ҳар бирига 100 миллион сўм миқдирида, уларни тайёрлаган тренерларига эса 50 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари учун сертификатлар топширилди.

Мукофотларни спортчилар ва тренерларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Туризм ва спорт вазири А.Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Р.Шоабдурахмонов топширди.

Эътиборлиси, мукофотланганлар орасида пара таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари – Зухриддин Тохиров ҳамда Зиёда Исоқова ҳам бор. Қолаверса, уларнинг устози, пара таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош тренери Бобур Қўзиев ҳам белгиланган миқдордаги пул мукофоти билан тақдирланди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *