Ана холос! Токио-2020 Олимпиадаси умуман ўтказилмаслиги мумкин

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) раҳбари Томас Бахнинг маълум қилишича, Токиодаги ёзги олимпиада 2021 йилда ўтказилмаса, у бутунлай бекор қилиниши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Япония бош вазири Синдзо Абэ келаси ёзни мусобақаларни ўтказишнинг сўнгги варианти деб ҳисоблайди.

«Мен бир неча минг кишини ташкилий қўмитага жалб қилиб, ўйинларни доимий равишда бошқа муддатга қолдиришнинг иложи йўқлигини тушунаман. Шунингдек, ҳар йили халқаро федерациялар учун мусобақалар тақвимини қайта тузиш ҳам мумкин эмас. Спортчиларга аниқлик керак», – дея Бахнинг сўзларини келтирган «Би-би-си».

Токио олимпиадаси 2020 йил 24 июлдан 9 августгача ўтказилиши керак эди. Аммо апрель ойида коронавирус пандемияси туфайли ХОҚ ўйинларни бир йилга кечиктиришга қарор қилди, энди улар 2021 йилнинг ёзига режалаштирилган.

Бах, шунингдек, келаси ёзда олимпиадани ўтказиш учун спортчиларга қўшимча хавфсизлик чоралари талаб қилиниши мумкинлигини истисно этмади. «Спортчилар ва Токиодаги ўйинларнинг бошқа иштирокчилари учун карантин талаб қилиниши мумкин», – деди у.

21 май кунги ҳолатга кўра, дунёда 5 миллиондан ортиқ кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. 300 мингдан ортиқ бемор вафот этди. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *