Токио-2020 чипталарини энди Тошкентдан харид қилишингиз мумкин

Маълумки, айни пайтда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан яқинлашиб келаётган Токио Олимпиадасига катта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бугун “Ҳумо арена” муз саройида Токио-2020 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясини қўллаб-қувватлаш учун мухлислар гуруҳини шакллантириш ва уларни туристик йўлланмалар билан таъминлаш бўйича штабнинг очилиш маросими ва мазкур тадбирга бағишланган матбуот-анжумани бўлиб ўтди. Мазкур офис орқали юртимиздаги спорт ишқибозлари Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинларига чипталарни буюртма қилишлари ва сотиб олишлари мумкин бўлади. Мазкур офиснинг тантанали очилиш маросимида МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Ацуши Суда, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбарининг ўринбосари Улуғбек Аъзамов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги вакиллари, Республикамиздаги етакчи сайёҳлик команиялари, катта спорт жамоатчилиги ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан хамкорликда Токиога сафарларни ташкил этиш ишларига «Radiuss Travel», «Asia Tour Elite», «Mega Tour» ва «Trip Group» каби юртимиздаги етакчи сайёҳлик компаниялари жалб этилган. Эътиборлиси, бугунги тадбирнинг ўзида Шаҳноза Раҳимова мазкур офиснинг дастлабки мижозига айланди.

Биз оиламиз билан спортга қизиқамиз. Риода ўтган Олимпиада учун Ўзбекистонда бундай имкониятлар яратилмагани боис Бразилияга бора олмаган эдик. Мана энди яратилган бундай фурсатдан унумли фойдаланиб, оиламиз учун 4 кишилик пакет сотиб олдим. Оиламиз билан сузиш, бокс, қиличбозлик ва теннис мусобақаларини кўришни хоҳлаймиз. Мухлислар учун бундай имконият яратиб берган ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан”, – деди Шаҳноза Раҳимова.

Офиснинг тантанали очилиш маросими якунлангач мазкур лойиҳада фаолият олиб борадиган сайёҳлик компанияларининг мутасаддилари ва журналистлар учун матбуот-анжумани бўлиб ўтди.

Дастлабки режамизга кўра мазкур пакет 380 кишига мўлжалланган. Агар талаб янада ортиб борса, биз буни 600 кишигача кўпайтира оламиз. Ҳар бир пакетимиз 7 кунга мўлжалланган бўлиб, унинг ичида мухлисларимиз истаган 4 та спорт тури учун чипталар, Тошкент-Токио-Тошкент йўналиши бўйича авиачипта ва аэропорт-меҳмонхона йўналишлари бўйича транспорт, 7 кунлик яшаш, нонушта, виза ҳаражатларини ўз ичига олади. Шунингдек, мижозларимизга ўзлари учун қулай вақтда Токио шаҳри ва унинг атрофидаги диққатга сазовор жойлари бўйлаб сайёҳлик турлари ташкил қилинади. Ўйлайманки, бу 4 йилда 1 маротаба бўладиган Олимпия ўйинларини томоша қилиш учун энг қулай имкониятлардан бири”, – деди “Asia Tour Elite” сайёҳлик компанияси раҳбари Акмал Қосимов.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг мақсади ёзги Олимпия ўйинларида, хусусан, яқинлашиб келаётган Токио Олимпиадасида кўп сонли ўзбек мухлисларининг ҳам иштирокини таъминлашдир. Шунингдек, Япониядаги Олимпия ўйинлари мобайнида Токио шаҳрида “Ўзбекистон кунлари” маданий тадбирларини ҳам ўтказиш режалаштирилган. Токио Олимпиадасига тайёргарлик доирасида илк бор Ўзбекистондан ташриф буюрадиган мухлислар жамоасини шакллантириш ҳам кўзда тутилган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *