Токио-2020 ўйинлари қолдирилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди

Токио-2020 Олимпия ва Паралимпия ўйинлари Ташкилий қўмитасининг ижрочи директори Тосиро Муто Олимпиадани бекор қилиш мумкинлиги тўғрисидаги хабар ҳақиқатга мос эмаслигини таъкидлади.

Аввалроқ япон оммавий ахборот воситалари Халқаро Олимпия қўмитаси ва Токиодаги Ўйинлар ташкилотчилари февраль ойида ушбу мусобақаларнинг келажагини муҳокама қилишларини хабар беришган эди.

“Айрим одамлар бундай хабарлардан ҳаяжонланишлари мумкин. Мен шуни айтмоқчиманки, биз Ўйинларни бекор қилиш тўғрисида мутлақо ўйлаётганимиз йўқ. Бунга ўхшаш ҳар қандай хабарлар ҳақиқатга мос эмас”, – дея иқтибос келтиради АР нашри Мутонинг сўзларидан.

Япония аҳолиси ўртасида ўтказилган сўнгги сўровномада уларнинг 80 фоизидан кўпроғи Олимпиадани бекор қилиш ёки кечиктириш керак деб ҳисоблаётганликларини кўрсатган. Уларнинг айримлари мамлакатда коронавирус билан касалланганлар сони кўплиги сабабли Ўйинлар барибир ўтказилмайди, деган фикрда бўлган.

Ўйинлар Ташкилий қўмитасининг раиси Ёсиро Мори Олимпиада, албатта, бўлиб ўтишини жамоатчиликка мажозий тарзда билдирди: “Баҳор ҳамиша келади, тонг эса ҳатто узоқ тундан кейин ҳам отади. Биз ишонч билан кўпчилик одамларга қувонч ва умид туҳфа қилиш учун имконияти бўлган ҳамма нарсани қиламиз”.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *