Томас Бах Миллий Олимпия қўмиталар вакиллари билан онлайн учрашув ташкил қилди

Бугун Халқаро Олимпия қўмитаси президенти Томас Бах барча Миллий олимпия қўмиталари вакиллари билан онлайн учрашув ташкил қилди. Айни пайтда юзага келган эпидемиологик вазиятда Олимпизм ҳаракатининг истиқболи, Токио-2020 Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик мавзусига бағишланган мазкур тадбирда ХОҚ мутасаддилари, барча МОҚ вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Халқаро алоқалар департаменти директори Камолиддин Эргашев иштирок этишди.

Дастлаб Томас Бах учрашув мавзуси юзасидан нутқ қилди.

“Бугунги эпидемиологик вазият спортнинг инсоният ҳаётида не чоғлик муҳим эканлигини кўрсатиб берди. Биз карантин даврида илгари сурган #StayStrong #StayHealthy #StayActive шиорлари Олимпия ҳаракати вакилларини янада жипслаштирди. Япония ҳукумати билан Токио Олимпиадасининг ташкилий масалалари бўйича ҳамкорлик қилмоқдамиз. Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, бизнинг бош мақсад бўлажак Олимпия ўйинларини спортчилар учун хавфсиз ташкил қилишдир”, – деди ХОҚ раҳбари.

Тадбир давомида Ойбек Касимов юртимизда карантин даврида олиб борилаётган ишлар, муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббус, ҳукуматимизнинг не чоғлик спортни қўллаб-қувватлаётгани, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан атлетларимизнинг уй шароитида шуғулланишлари учун барча шароитлар яратиб берилгани ҳақида Халқаро Олимпия қўмитасига маълум қилди. 

Онлайн учрашув давомида қатнашчилар Олимпия ўйинларига лицензион мусобақаларни ўтказиш тизими, спортчилар учун Токио Олимпиадасида яратиб бериладиган шароитлар каби йўналишларда ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *