Томас Бах: «Спортчилар мукаммаллик, бирдамлик ва тинчлик каби қадриятларни улуғлайди!»

ХОҚ президенти сиёсатнинг спортга таъсири ҳақида долзарб мавзуни тилга олди.

«Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳар бир спортчи учун ҳаётий тажриба мактабини ўтаб беради. Бундай пайтда сиз улкан оиланинг бир қисми эканингизни англайсиз. Бутун дунёни бирлаштирган анжуманда иштирок этаётганингизни қалбан ҳис этасиз. Ижтимоий келиб чиқиши, жинси, ирқи ёки сиёсий қарашларидан қатъи назар, Олимпия ўйинларида ҳамма тенг.

Мен бу туйғуни илк бор 1976 йили Монреал Олимпиадасида бошдан кечирган эдим. Олимпия шаҳарчасига келгач, унинг шукуҳини қалбан туйдим. Сайёрамиздаги энг кўзга кўринган спортчилар билан бир маконда яшаб, унинг нақадар қудратли кучга эга эканини тушунса бўлади. Мусобақаларда баҳслашсак-да, аммо шаҳарчага келиб ҳаммамиз бир том остида осуда яшаймиз. Улар билан ҳар учрашувда қаердан бўлишимиз ва Ўйинларда қачон чиқиш қилганимиздан қатъи назар, умумий тажриба дарҳол суҳбат мавзусига айланади.
Шундай фарахбахш кезларда бир воқеа Олимпиададаги илк таассуротларимга соя солди. Очилиш маросимидан сал аввал Олимпия шаҳарчасидаги хонамиз деразасидан қарадим ва жомадон кўтарган африкалик спортчиларнинг катта гуруҳини кўриб қолдим. Аксариятининг кўзида ёш эди, баъзилари умидсизликдан бош экканди. Нима бўлаётганини билишга қарор қилдим. Маълум бўлишича, сўнгги дақиқада ўз ҳукуматининг ўйинни бойкот қилиш тўғрисида қарори туфайли кетишга мажбур бўлишаётган экан. Уларнинг кўп йиллик машаққатли меҳнати ва бу кунни қанчалар орзиқиб кутгани, сўнгги лаҳзадагина Олимпия орзуси кунпаякун бўлаётганини кўриб, юракларим эзилди ва бу аччиқ алам ҳануз мени тарк этмайди.

Орадан тўрт йил ўтиб яна шундай ҳолат такрорланди. 1980 йилги Москва Олимпиадаси бойкот қилинаётган пайтда спортнинг сиёсий ожизлигини сездим. Ғарбий Германия спортчилар комиссияси раиси сифатида мен ушбу бойкотга қатъий қарши эдим, чунки унинг бизга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ҳодиса – Совет Иттифоқининг Aфғонистонга бостириб киргани учун спортчилар жазоланди. Спорт ташкилотлари деярли ҳеч қандай сиёсий таъсирга эга эмаслиги ва уларнинг фикри унчалик ҳам қийматга эга эмаслигини англаган эдим. Бизнинг овозимизга сиёсатчилар ҳам, спорт раҳбарлари ҳам қулоқ солмадилар. Бу таҳқир эди.
Натижада Ғарбий Германия Миллий Олимпия қўмитаси Ўйинларни бойкот қилган давлатлардан бирига айланди. Алалоқибат биз ҳақ бўлиб чиқдик: бу бойкот айбдорлар учун нафақат жазо чораси, ҳатто сиёсий таъсирга ҳам эга бўлмади – шўро қўшинлари Aфғонистонда яна тўққиз йил қолди. Aксинча, 1980 йилги ўйинларда қатнашишни рад этиш 1984 йилги Лос-Aнжелес Олимпия ўйинларининг ҳам жавоб бойкотига олиб келди.

Бу ҳодисалар, Олимпиаданинг асосий мақсади – 206 МОҚсининг энг яхши спортчиларини тинч мусобақага тўплашдир, деган якдил қарорга келишимга сабаб бўлди.

Олимпия ўйинлари сиёсатдан мутлақо холи. ХОҚ доимо қатъий холис сиёсий позициясини сақлаб келган нодавлат жамоат ташкилоти. Олимпия ўйинлари мезбон ҳукумат томонидан эмас, балки ХОҚ томонидан ўтказилади.

Олимпия ўйинлари даромад қилиш учун ўтказилмайди. ХОҚ барча фойдасининг 90 фоизини дунё бўйлаб спортчиларга, айниқса, ривожланаётган мамлакатларга қайтаради. Спорт анжуманида иштирок этиш ҳамма учун очиқ бўлган тақдирдагина, дунёни спорт орқали бирлаштириши мумкин.

Спортчилар мукаммаллик, бирдамлик ва тинчлик каби қадриятларни улуғлайди. Шунингдек, улар кураш майдонида ва маросимларда сиёсий жиҳатдан нейтрал позицияларни сақлаб, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни намойиш этишади.

Олимпия ўйинлари урушлар ва низоларнинг олдини ололмайди. Дунёдаги ижтимоий-сиёсий муаммоларни ҳал қила олмайди. Aммо улар ҳамма бир хил қоидаларга риоя қиладиган ва бир-бирини ҳурмат қиладиган тинчлик намунаси бўлиши мумкин. Ўз тажрибамдан билдимки, олимпия ҳаракати тинчликни ҳаётга татбиқ этиши, халқаро ҳамжамиятни бирлаштириши билан ҳар куни курашиб яшашга арзийдиган ҳодиса«.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *