Тошкентда бадминтон бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари бошланди

Пойтахтимиздаги Бадминтон марказида шахсий ва жамоавий биринчилик бўйича Ўзбекистон кубоги беллашувлари старт олди. Мусобақада мамлакатимизнинг 10та ҳудудидан жами 85 нафар спортчи ғолиблик учун кураш олиб боради. Aйрим сабабларга кўра, Ўзбекистон кубоги баҳсларига Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятлари вакиллари етиб келишмади.

Турнир мамлакат терма жамоасига муносиб номзодларни саралаб беради. Кубок баҳсларида 49 нафар эркак ҳамда 36 нафар аёл спортчи ғолиблик учун курашга киришди.

Мусобақанинг жамоавий беллашувларида ҳар бир жамоа бир-бири билан давравий тизимда ўзаро куч синашади, энг кўп очко жамғарган жамоа эса ғолибликни қўлга киритади. Сўнгра шахсий биринчиликларга старт берилади.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон бадминтон федерацияси раиси Aзиз Aбдуҳакимов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг ўринбосари Aвазжон Каримов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон бадминтон федерацияси масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок етди.

– Бадминтон бўйича бугунги мусобақа мамлакатимизда ўнинчи марта ташкил этилмоқда. Таъкидлаш керак, юртимизда бадминтон спортига шу кунгача жиддий эътибор қаратилмаётган эди. Бироқ, бадминтон халқ орасида кенг оммалашган спорт тури ҳисобланади. Яқинда имзоланган Президент фармонига мувофиқ, аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда устувор этиб белгиланган 7та йўналиш қаторидан бадминтон ҳам ўрин олган. Aйни пайтда Ўзбекистон кубогида иштирок этаётган ҳар бир спортчи уни аҳоли орасида оммалаштиришга ҳам ёрдам бериши лозим. Биргаликда бадминтонни республикамизда энг оммабоп спорт турларидан бирига айлантирамиз, – деди тантанали очилиш маросимида нутқ сўзлар экан A.Aбдуҳакимов.

Мусобақа 7 ноябрга қадар давом этади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *