Тошкентда иссиқлик таъминотига ҳақ тўлаш тартиби ўзгартирилади

Тошкент шаҳрида марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоблар иситиш даврининг ҳар бир кунига 1 кв.м иситиладиган майдон ҳисобида тўлаш тизимига ўтказилади.

Фото: Vyatka-grad.ru

«Тошиссиққуввати» хабарига кўра, бу Ўзбекистон президентининг 2019 йил 2 декабрдаги «Иссиқлик таъминоти тизимини такомиллаштириш ва иссиқлик таъминоти корхоналарини молиявий соғломлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги ПҚ-4542-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилади.

«2020-2021 йиллар иситиш мавсумидан бошлаб, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматлари учун истеъмолчилар билан ҳисоб-китоб, иситиш даврининг бир кунига иситиш майдонининг 1 кв.м учун ҳисоб-китоб тўлов тизимига ўтказилади», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, иситиш даврининг бир кунига 1 кв.м иситиш майдони учун тариф 142 сўм миқдорида белгиланди.
    
Иситиш мавсумининг бошланиши Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади.
    
Қолган тарифлар аввалги даражада қолади, дейилади маълумотда.

Эслатиб ўтамиз, президент қарорида истеъмолчилар учун иссиқлик таъминоти хизматларига тарифларни шакллантириш ва белгилашда ишлаб чиқариш харажатларини пасайтириш ҳамда иссиқлик таъминоти тармоқларидаги йўқотишларни қисқартириш ҳисобига иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш ва модернизация қилиш харажатлари ҳисобга олиниши, шунингдек, кўрсатилаётган хизматлар таннархини қоплаш механизмлари босқичма-босқич жорий этилиши белгиланган.

Шунингдек, аҳоли учун иссиқлик энергияси ва иссиқ сувга пасайтирилган тарифларни қўллаш натижасида кўриладиган зарарлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан қопланиши айтилган. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *