Тошкентлик мураббий нимадан норози?

Хабарингиз бор, пойтахтимиздаги Республика сув спорт турларини ривожлантириш марказида сув полоси бўйича мавсумнинг илк мусобақаси бўлиб ўтмоқда. Унда эркаклар 7 та, аёллар 4 та жамоа бўлиб баҳсларга киришдилар.

Миллий олимпия қўмитаси раҳбари ватерполчилар чиқишларини таҳлил қилиш, мураббийлар билан ўзаро фикр алмашиш учун марказга ташриф буюрди. МОҚ раҳбари мусобақа ташкилотчилари, мураббийлар билан суҳбатлашиб, уларни қийнаётган муаммолар, камчиликлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди. 

Мусобақа регламентига киритилган ўзгартиришдан норози бўлган тошкентлик мураббий МОҚ раҳбарига ўз эътирозини билдирди. Фурсатдан фойдаланиб, Республика сув спорт турлари бўйича ИБЎОЗСМ катта мураббийи Наталья Рустамова билан суҳбатлашдик. Мураббийнинг айтишича, мусобақа жараёнида регламентга ўзгартириш киритилган, натижада унинг жамоаси совринли ўринлар учун курашиш имкониятидан маҳрум бўлган. Вазият ҳақида иккинчи томоннинг ҳам фикрини билиш учун Олег Плетневни суҳбатга тортдик. Мутахассисдан регламент ўзгартирилишига нима сабаб бўлгани ҳақида изоҳ сўраганимизда, у иштирокчи жамоалар мураббийлари ва ҳакамлар билан бу борада якдил қарорга келишгани, ўз-ўзидан бундай қилишга ҳаққи йўқлигини таъкидлади.

Ушбу масала бўйича махсус комиссия тузилади ва ўрнатилган тартибда батафсил кўриб чиқилади, барча томонлар фикрлари тингланиб, якуний қарор қабул қилинади.

Умид қиламизки, турнир ташкилотчилари ва сув спорт турлари бўйича Республика Олий спорт маҳорат мактаби раҳбарияти ушбу масаладан ўзига тегишли хулоса чиқариб олишади ва келажакда ташкилий масалаларга янада масъулият билан ёндашади.

Шунингдек, ташриф давомида МОҚ раҳбари сув полоси бўйича эркаклар ва аёллар терма жамоалари катта мураббийлари билан ҳам мулоқотда бўлди. Аммо суҳбат давомида мутахассисларимизда ташкилий масалаларни аниқ ҳал қилишда тажриба ва ўзига бўлган қатъий ишонч етишмаслиги кўзга ташланди. Таъкидлаш керакки, бундан буён мураббийлар вазиятга жиддий ва профессионал тарзда ёндашишлари талаб этилади. Зеро бугунги кун талаби ҳам айнан шу.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *