Тошкент вилояти бокс федерацияси бўлимига янги раҳбар сайланди

Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон бокс федерацияси Тошкент вилояти бўлимининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов, МОҚ вице-президенти, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, федерация мутасаддилари, Тошкент вилоятида фаолият олиб бораётган бокс мураббийлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Сир эмаски, Тошкент вилояти бокси ўзбек спортида ўз ўрнига эга. Ушбу вилоят мактабидан бир қатор юлдузлар етишиб чиққан. Бокс бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида ҳам узоқ йиллардан буён айнан Тошкент вилояти боксчилари умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаб келишмоқда.

Ўзбекистон бокс федерациясининг Тошкент вилояти бўлимига янги раҳбар сайлаш кун тартибидаги асосий масалалардан бири эди. Шунга кўра, Олмалиқ шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори сифатида фаолият юритиб келаётган Ҳасанов Озод Ҳамидуллаевич номзоди ушбу лавозим учун тасдиқланди. Шу тариқа, Озод Ҳасанов Ўзбекистон бокс федерацияси Тошкент вилояти бўлими раҳбарига айланди.

Тадбир давомида Сакен Полатов сўзга чиқиб, Тошкент вилояти бокси Республикамизда юқори ўринларда туриши, бундан буён ҳам янада юксак марраларни кўзлаб, фақат олдинга интилиш лозимлигини қайд этиб қўйди. Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов ҳам олдинга қўйилган мақсад ва вазифалар ҳақида гапирар экан, янги раҳбарга муваффақиятлар тилади.

Шу тариқа, Ўзбекистон бокс федерацияси Тошкент вилояти бўлимининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ниҳоясига етди.

Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *