Туркиядаги зилзилада ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар орасида ўзбекистонликлар йўқлиги маълум қилинди

Туркия ғарбида юз берган 6,6 магнитудали зилзилада ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти хабар берди.

Фото: Reuters

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси маълумотига кўра, Тошкент вақти билан соат 19:30 ҳолатига Туркиянинг ғарбий қисмида 2020 йил 30 октябрда содир бўлган кучли зилзила натижасида ҳалок бўлган ва жароҳат олганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Вазирлик хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги бош консулхонаси Измир вилоятининг тезкор штаби билан доимий алоқа ўрнатган.

«Жароҳат олган ҳамюртларимиз тўғрисида маълумот аниқланганда зарур ёрдам кўрсатиш учун Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонасига мурожаат қилишингизни сўраймиз (Телефон: +90 212-323-20-36/37)», — дейилади вазирлик хабарида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркиядаги кучли зилзила оқибатида инсонлар қурбон бўлгани, кўплаб фуқаролар жaроҳат олгани ҳамда катта талафот кўрилгани муносабати билан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанга таъзия йўллаган. 

Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, жароҳатланганлар тез фурсатларда шифо топишини тилаган.

  • 30 октябрь куни Туркия ғарбида 6,6 магнитудали зилзила юз берди, эпимарказ Измир вилоятининг Сеферлихисар шаҳри атрофида, зилзила ўчоғи эса 16,5 километр чуқурликда жойлашган. Зилзила кучи Афина ва Критда ҳам сезилган. Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила оқибатида камида 12 киши ҳалок бўлган, 400дан ортиқ киши жароҳат олган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *