Тўғри овқатланиш – соғлом турмуш тарзи гарови!

COVID-19 коронавируси иммунитет тизимини кескин заифлаштиради ҳамда бактериал инфекцияларга қарши ҳимоясиз қилиб қўяди. Бунда соғлом турмуш тарзини олиб бориш, хусусан, тўғри овқатланиш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги карантин шароитида спортчилар фаолиятини самарали ташкил қилишда техник-тактик, жисмоний тайёргарлик ишлари билан бир қаторда тиббий-биологик омиллар ҳам ўзига хос ўрин тутади. Жумладан, спортчиларнинг рационал овқатланишини ташкил этиш ҳозирги куннинг энг муҳим масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.Таъкидлаш жоизки, спортчи организмида кечадиган барча ҳаётий физиологик ва биокимёвий жараёнлар, бундан ташқари, ҳозирда уй шароитидаги машғулотлари, қолаверса, саломатлиги ҳам айнан уларнинг қандай, қанча ва қачон овқатланишига бевосита боғлиқ.

Ўзбекистон каратэ WKF Миллий федерацияси томонидан айнан шу мавзуга бағишланган вебинар ташкил этилди. Унда федерация раҳбарияти ва ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият юритаётган мураббийлар иштирок этди.

Тадбирни федерация Бош котиби Ғайрат Исаев очиб, аввалига барчани яқнилашиб келаётган муқаддас Қурбон Ҳайити байрами билан табриклади ва кун тартибига қўйилган масалалар билан иштирокчиларни таништирди.

«Спортчиларнинг тўғри овқатланишини ташкил этиш уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишда, турли касалликларнинг олдини олишда, жисмоний иш қобилиятини яхшилашда ҳамда спортдаги натижаларини юксалтиришда муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади», – деди Ғайрат Исаев.

Кун тартибидаги масала юзасидан федерация спорт шифокори Баҳриддин Аҳмедов сўз олиб, «Спортчилар овқатланишининг ўзига хослиги» мавзусида маъруза қилди. Шунингдек, у ўз маърузаси давомида спортчилар овқатланишининг умумий тамойиллари, озиқ моддаларнинг ўрни, рационал овқатланиш, овқатланишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

«Шуни эсда тутиш керакки, бизнинг соғлигимиз қандай сабзавот ва мевларни ҳамда озиқ-овқат маҳсулотарини истеъмол қилишимизга боғлиқ. Агарда соғлом овқатланишни таъминламасак, иммунитетимиз турли касалликларга, хусусан COVID-19 коронавирусига қарши тура олмайди«, – деди Ахмедов.

Вебинар якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассисдан батафсил жавоб олдилар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *