Тўғри овқатланиш – узоқ умр кўришнинг асосий омили

Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлигини белгиловчи омилларнинг 50 фоизи унинг овқатланиши ва ҳаёт тарзига, 20 фоизи наслга ва 10 фоизи тиббий хизмат сифатига боғлиқ экан. Бундан келиб чиқадики, инсоннинг яшаш тарзи ва овқатланиш маданияти унинг саломатлигида муҳим ўрин тутади. Абу Али ибн Сино узоқ умр кўришнинг асосий омили сифатида тўғри овқатланиш масаласига алоҳида эътибор қаратган.

Овқатланишнинг ҳам ўзига хос тартиблари борки, ҳар ким унга ёши, саломатлик даражаси ва меҳнат қилиш туридан келиб чиқиб ёндашиши тавсия этилади.

Баъзилар ҳар куни ёғли ва юқори калорияли таомларни истеъмол қилса, тўғри овқатланаяпмиз, деб ўйлайди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, юқори қувватли таомларни мунтазам тановул қилиш, шу билан бирга, камҳаракатлилик қон босими, қандли диабет, инсульт, миокард инфаркти, буйрак ва меъда-ичак тизими аъзолари касалликларининг юзага келишига сабаб бўлади.

Тиббиёт илми султони Абу Али ибн Сино “Тиб қонунлари” асарида тўғри овқатланиш ва унинг аҳамияти тўғрисида тўхталиб, “Кимки соғлом турмуш тарзига эришмоқчи бўлса, ўз соғлиғини сақламоқчи ва мустаҳкамламоқчи бўлса, овқатланиш тартибига, истеъмол қилинаётган овқатнинг сифатига, миқдорига, овқатни истеъмол қилиш вақти ва унинг ҳазм бўлиш жараёнига асосий эътиборини қаратмоғи лозим”, деб таъкидлаган.

Ҳозирги кунда одам организми учун 13 турдаги витаминлар зарурлиги фанда исботланган. Булар кальций, натрий, магний, калий, фосфор, йод, темир ва бошқа моддалар. Уларни биз асосан мева-сабзавотлар, кўкатлар, полиз ҳамда сут, гўшт, парранда, балиқ, тухум, дуккакли маҳсулотлардан оламиз. Умуман олганда, ёзги озиқ-овқатлар таркибини 28 фоиз ёғ, 55 фоиз оқсил, 17 фоиз углеводлар ташкил этиши керак. Шу боис ёз мавсумида окрошка, гўжа каби парҳезли таомларни истеъмол қилиш тавсия қилинади. Улар ҳам тўйимли, ҳам мазали.

Ёз фаслида кўпроқ суюқликлар ичиш тавсия этилади. Мутахассислар фикрича, бир кеча-кундузда инсон ўз вазнининг ҳар килограммига 30 миллилитрдан сув истеъмол қилиши керак. Масалан, 50 килограмм вазндаги одам суткасига 1,5 литр сув ичиши зарур. Суюқликлар инсон организмидаги токсинларни ювиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ёзда дастурхонимизда тоблаб пиширилган сабзавотлар, янги узилган мевалар, дуккакли ўсимликлар, қайнатилган таомлар, қатиқ, творог каби сут маҳсулотлари бўлиши тавсия этилади. Бу каби минераллар ва оқсилларга бой маҳсулотлар организмда моддалар алмашувини яхшилайди, иммунитетни мустаҳкамлайди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *