Уйда қолиб, ўйнанг қарабтеп

Сир эмаски, инсон учун саломатликни сақлашнинг асосий манбаи – бу бадантарбия машғулотларидир. Ўз вақтида ва мунтазам бадантарбия билан шуғулланадиган кишиларга дард яқин йўламайди. Қолаверса, бу машқлар кишидан ортиқча вақт ва маблағ ҳам талаб қилмайди. Ана шундай ҳар жиҳатдан фойдали ва камхарж бадантарбия машқлари сирасига халқимизда “ланка” номи билан танилган қарабтеп халқ ўйини ҳам киради.

Абу Али ибн Сино бу ўйин ҳақида нима деган?

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг тарқалган ва оммабоп ўйин бўлмиш Қарабтеп билан кўп асрлар мобайнида асосан халқ сайиллари, “Наврўз” байрамларида ўйнаб келишган. Мамлакатимизда бирон-бир ўзбек хонадони бўлмаса керакки, Қарабтеп ўйинини билмайдиган ва севиб ўйнашмаган бўлса. Яқин-яқингача ўзбек маҳаллаларида мазкур ўйинни ёш-у қари бирдек севиб ўйнаб келишарди. Қолаверса хитой, мўғул, туркий ва бошқа шарқ халқларида ҳам қарабтеп билан айнан ўхшаш ёки қоидалари яқин бўлган халқ ўйинлари мавжуд ва улар асрлар мобайнида бугунги кунгача етиб келган. Сабаби оддий, бу ўйин учун махсус жой ёки асбоб-анжомлар талаб қилинмайди. Шунингдек, қарабтепни махсус тайёргарликларсиз ҳар қандай жойда ўйнаш мумкин. Собиқ иттифоқ даврида турли тазйиқларга учраган бўлишига қарамай Қарабтеп халқимизнинг севимли миллий ўйин турларидан бири бўлиб қолди ва бугунгача етиб келди. Ниҳоят янги минг йилликда Полвонлар миллий маркази томонидан Қарабтеп ўйини қайта тикланди ва уни янада оммавийлаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда.

Ўйиннинг амалий аҳамияти ҳақида гапирганда таъкидлаш муҳимки, у тепкичида оёқ-қўл ҳаракати кўникмалари, чаққонликни шакллантирган. Маконда ҳаракатланиш динамикаси, экстремал ҳолатларда танани кўз ёрдамида ва кўз иштирокисиз – телепатик бошқариш кўникмаларини ривожлантирган.

Қарабтеп ўйини барча ўйин спорт турларининг пойдевори ҳисобланади, десак муболаға бўлмайди. Бу ўйинни тўлиқ эгаллаган ёш ўйинчи чаққон, эпчил ва ҳар қандай ҳолатда ўз мувозанатини тўла идрок эта олади, бу эса ҳар қандай спорт тури учун муҳим жиҳатдир.

Ҳозирги коронавирус хавфи кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда ёшларни ва ота-оналарни ушбу ўйин билан шуғуллантириш орқали уларни кўчага чиқмасдан, уйда жисмоний фаол машғулот атрофида бирлашишларига хизмат қилади.

Узоққа бормайлик, қўшни Қирғизистон Республикаси ҳукумати ҳозирги карантин даврида барча оилаларни Қарабтеп ўйини билан шуғулланишга чорламоқда. Бу билан улар ҳозирги пайтда жуда муҳим бўлган иккита мақсадга эришмоқда, дейиш мумкин. Аввало, аҳолининг саломатлиги мустаҳкамланади, иммунитети ошади. Қолаверса, Қарабтеп билан уй шароитида, хоҳ у ҳовли, хоҳ квартира бўлсин, бемалол шуғулланиш мумкин.

Шу ўринда тиб илми султони, улуғ мутафаккир Абу Али ибн Синонинг бадантарбияга алоҳида аҳамият қаратиш борасида айтган қуйидаги фикрларига эътибор қаратишни ўринли, деб ҳисоблайман.

“Соғлиқни сақлашнинг асосий тадбири бадан тарбия бўлади. Биз биламизки, бадан тарбия кишини чуқур ва кетма-кет нафас олишга мажбур қилувчи ихтиёрий ҳаракатдир.

Мўътадил равишда ва ўз вақтида бадан тарбия билан шуғулланувчи одам бузилган хилтлар туфайли келган касалликларнинг ва мижоз ҳамда илгари ўтган касалликлар туфайли келувчи касалликларнинг давосига муҳтож бўлмайди.

Бадан тарбиянинг кучли турига майдонда қилинадиган кишининг ўз сояси билан олишиш ўйини (Қарабтеп ўйини) киради”.

“Тиб қонунлари”, 1-том.

Бу эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Халқимизни соғломлаштиришда Ибн Сино қолдирган амалиётлардан фойдаланишимиз керак”, деган даъватларига айнан мос келади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *