Униси уёққа, буниси буёққа тортди, ўртада 310 минг доллар пул йўқ. МИБнинг қарзини ким ундиради?

Физика ва кимёда шундай қонун бор – ҳар қандай модда бир жойдан йўқолса, ё ўз шаклида, ё ўзга шаклда бошқа жойда пайдо бўлади. Шунингдек, бу қоида иқтисодиётда ҳам амал қилади – пул бирор жойда камайса ёки йўқолса, бошқа бир жойни тўлдиради. Аммо на табиат, на ҳуқуқий-демократик жамият қонунларини топтаб ўтган ҳолда оз эмас, кўп эмас 310 минг доллар бутунлай йўқолиб қолиши ва бунинг учун бирор киши айбдор бўлмаслиги мумкинми? Мумкин эмас, дейсизми? Адашасиз. Қизиғи, бу пулларни кимдир ўғирлаб кетмаган, бирор сеҳргар бир сўз билан йўқ қилиб юбормаган. Лекин улар йўқ, тамом!

2014-2015 йиллар. Тошкент вилояти Қибрай туманида фаолият олиб борган «Yutm parranda» МЧЖ йирик паррандачилик фабрикасини юритади. МЧЖ Қозоғистоннинг «Астана бизнес» масъулияти чекланган ширкати билан халқаро шартнома тузади ва қозоғистонликлар фабрикани маҳсулот билан таъминлашни зиммаларига оладилар.

Орадан маълум муддат ўтиб, «Yutm parranda» МЧЖ «Астана бизнес» компанияси олдида етказиб берилган маҳсулот учун қарз бўла бошлайди.

“Астана бизнес” вакили. Қозоғистон

«Астана бизнес» вакиллари қарзни МЧЖнинг ўзидан ололмагач, судга мурожаат қиладилар. Натижа эса кутилганидай – Қозоғистон Халқаро Арбитражининг 2016 йил 10 мартдаги 20/2015/АП-сонли иш бўйича чиқарган ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар «Астана бизнес» масъулияти чекланган ширкатининг даъво талаблари қаноатлантирилиб, жавобгар «Yutm parranda» МЧЖдан даъвогар фойдасига 502 152,20 АҚШ доллари (шу рақамни ёдда тутинг, уни яхлитлаб 502 минг доллар деб оламиз) асосий қарз, рўйхатга олиш йиғимлари учун 78 400 қозоқ тангаси, арбитраж йиғимлари учун 5 106 800 қозоқ тангаси, вакил харажатлари учун 150 000 қозоқ тангаси ундирилиши белгиланади.

Халқаро амалиётга кўра, бу қарор Ўзбекистонда ҳам кўриб чиқилади ва Тошкент вилояти хўжалик судининг 2016 йил 5 августдаги 11-635/8976-сонли ажримига кўра, Қозоғистон Халқаро Арбитражининг 2016 йил 10 мартдаги ҳал қилув қарорини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий ижрога қаратиш ҳақидаги илтимосномаси қаноатлантирилиб, қарздор «Yutm parranda» МЧЖдан ундирувчи «Астана бизнес» масъулияти чекланган ширкатининг фойдасига юқоридаги маблағларга қўшимча илтимосномани кўриш учун тўланган 90 АҚШ долларини ҳам ундириш ҳақида ижро варақаси берилади.

Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек, аммо энг қизиғи шундан кейин бошланади. Суд ижрочиларининг Қибрай туман бўлими томонидан ушбу ижро ҳужжатида кўрсатилган пул маблағлари АҚШ долларининг амалдаги курси бўйича қарздордан тўлиқ (айрим ҳужжатларга кўра 57 млн сўм ортиғи билан) ундириб олинади. Яъни, 19.09.2016 йилда инкассо топшириқномасига асосан қарздор «Yutm parranda» МЧЖ ҳисоб рақамидан суд қароридаги маблағга мутаносиб тарзда 1 549 125 688,31 сўм пул маблағлари ечиб олиниб, Суд ижрочиларининг Қибрай туман бўлими депозит ҳисоб рақамига ўтказилган.

Қисқаси, суд ижрочилари (кейинчалик МИБ ходимлари) 502 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маблағни ундириб оладилар ва «Invest Finance Bank» АТБдаги ўзларига тегишли ҳисоб рақамига туширадилар. Сўмда ундирилган суммани АҚШ долларига ўтказиш тўғрисида кўрсатма берилади.

Орадан 4 ой ўтибгина банк томонидан бу маблағни конвертация қилиш бўйича қарор қабул қилиниб, «Ўзбекистон Республика валюта биржаси» АЖ (биржа)га буюртма берилади.

Суд ижрочилари бир қарашда ўзларига юкланган вазифани бажарадилар – пулни ундириб, банкка берадилар. Энди банк бу пулни 7 ой-у 8 кун ўзида сақлаб туради. Аммо мана шу 7 ойлик сақлаш катта муаммо келтириб чиқаради – 2016-2017 йиллар оралиғида валюта сиёсатида жиддий бурилишлар содир бўлади. Бу орада МИБ ташкил этилади ва ўзига «Ипотекабанк» АТБдан ҳисоб рақами очади ҳамда у маблағни янги банк ҳисоб рақамига хат орқали ўтказиб олади. 2017 йилнинг 10 октябрига келиб «Ипотекабанк» ўз ҳисобида турган маблағни конвертация қилади ва 192 515,30 АҚШ доллари (бу рақамни ҳам ёдда тутинг, уни ҳам яхлитлаб 193 минг доллар деб оламиз) миқдоридаги пул маблағларини «Астана бизнес» масъулияти чекланган ширкатининг ҳисоб рақамига ўтказиб беради.

Қозоғистонликлар бироз чўзилиш билан бўлса-да, пулларининг бир қисми ундирилганидан, табиийки, хурсанд бўладилар. Энди уларни пулнинг қолган 310 минг долларини ундириш ҳақидаги савол қийнай бошлайди.

Жавоб уларни буткул ҳайратга туширади – уларга ундирилган жами пуллар шу экани маълум қилинади. 502 минг доллар ундирилиши керак бўлгани ҳолда, конвертациядан кейин 193 минг долларгина ундирилади.

«Астана бизнес» вакиллари дарҳол адвокатлари, дипломатик корпус аъзолари ва ўз ҳуқуқшуносларини тўплаб, Ўзбекистонга чопадилар. Иш қайта судга ошади ва «Астана бизнес» вакиллари қуйидаги жуда жиддий саволларни қўядилар (мазмунан келтирилмоқда):

1. Бизга берилиши керак бўлган 502 минг долларнинг қолган 310 минг доллари қаерда?

2. Қандай асосларга кўра, бизнинг маблағимиз 7 ой банк ҳисобида турди ва охир оқибат 60 фоизи «чегириб» қолинди?

3. Банк худди шу амалиётни бизга нисбатан қўллай оладими – яъни 502 минг доллар пулни 7 ойга шунчаки бериб қўя оладими?

4. Энг муҳими, биз Ўзбекистонга инвестор сифатида, ҳамкорликдан даромад кўриш мақсадида келганмиз. Кимларнингдир ҳаракати (ёки ҳаракатсизлиги) туфайли 310 минг доллар зарар кўрмоқдамиз ва бу маблағдан воз кеча олмаймиз. Икки давлат иқтисодий муносабатлари ва давлат имижига путур етказувчи бу ҳолатларга йўл қўйганлар кимлар ҳамда улар жавобгарликка тортиладими?

Яна бир бор тушунтирамиз, ушбу ижро ҳужжатида кўрсатилган пул маблағлари қарздордан тўлиқ ундирилган бўлса-да, Суд ижрочиларининг Қибрай туман бўлими ва «Invest Finance Bank» АТБ мансабдор шахсларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида қарийб 1 йил-у 2 ой ўтгач, яъни 03.10.2017 йилда 2-сонли чет эл валютасидаги тўлов топшириқномасига асосан 193 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари «Астана бизнес»га ўтказиб берилган бўлиб, қолган 310 минг АҚШ доллари ҳозир ҳеч қаерда йўқ.

Турли ташкилотлар мансабдор шахсларининг ўзига хос тарзда муносабатда бўлиши натижасида бу можаро 3 йилдан бери давом этиб келяпти ва ҳақдор амалда ҳеч нарсасиз қоляпти.

Шу боис, «Астана бизнес» МЧШ Мажбурий ижро бюроси Қибрай туман бўлими давлат ижрочисининг ижро иши билан боғлиқ ҳатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан Қибрай туман маъмурий судига мурожаат қилган.

Тошкент вилояти Қибрай тумани маъмурий судининг 2019 йил 5 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, МИБ Қибрай туман бўлими давлат ижрочиси Султонов Шаҳбоз Ойбек ўғлининг Тошкент вилояти хўжалик судининг 2016 йил 5 августдаги 11-635/8976-сонли қарздор «Yutm parranda» МЧЖдан ундирувчи «Астана бизнес» МЧШ фойдасига 502 минг АҚШ долларини ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ғайриқонуний деб топилган ва суднинг ушбу ҳал қилув қарори 2019 йил 25 мартда қонуний кучга кирган.

Шунингдек, «Астана бизнес» МЧШ «Invest Finance Bank» АТБ мансабдор шахсларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мурожаат қилган. «Invest Finance Bank» АТБ мансабдор шахсларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) Марказий банкнинг Тошкент шаҳар бош бошқармаси томонидан ўтказилган хизмат текшируви натижасига кўра ўз тасдиғини топган бўлиб, бу ҳақда 2019 йил 21 январда берилган 10-16/18-сонли жавоб хатида Суд ижрочиларининг Қибрай тумани бўлими томонидан тижорат банкининг Қибрай филиалига суд ҳужжатларига кўра ва суд ижрочисининг қарорига мувофиқ жавобгардан ундирилган сўмдаги пул маблағларига хорижий валюта харид қилиш мажбурияти юклангани ва тижорат банки ўзига юклатилган мажбуриятни ўз вақтида бажармагани аниқлангани расман маълум қилинган.

Юқоридаги мансабдор шахсларнинг айбли ҳаракатлари тасдиқланганидан кейин, хорижий давлатнинг тадбиркорлик субъекти ушбу далилларни келтирган ҳолда Тошкент шаҳар иқтисодий судига мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида етказилган зарарни ундириш масаласида мурожаат қилган.

Иш дастлаб Тошкент шаҳар иқтисодий судида, кейинчалик шу судда апелляция инстанцияси доирасида кўриб чиқилди. Жавобгарларни аниқлаш ва чора кўриш жараёнида занжирли реакция ҳосил бўлди (жараён сўзма-сўз эмас, мазмунан келтирилмоқда):

1. Суд ижрочилари (ҳозирда МИБ вакиллари): «Биз суд қарорида кўрсатилган пулни ундириб, банкка берганмиз, у ёғига жавобгар эмасмиз».

2. Банк: «Пул бизда шунчаки сақланган, биз пулни конвертация қилмаймиз. Бу валюта биржасининг иши».

3. Валюта биржаси: «Биз фақат савдо майдонимиз, кимдир доллар сотмоқчи ва олмоқчи бўлса, биз орқали олади ёки сотади холос. Ўзимиз конвертация қилмаймиз».

4. Марказий банк: «Биз бу жараёнда иштирок этмаганмиз, бу икки хўжалик субъекти ўртасидаги ҳолат».

5. Прокурор: «Yutm parranda» МЧЖга – нега шу маблағни ҳар доимгидек ўзларинг конвертация қилиб узмадиларинг?

«Yutm parranda» МЧЖ: «Биз суд қарорига бўйсундик, унга кўра, ҳисоб рақамларимиз музлатилди ва белгиланган маблағ 57 млн сўм ортиғи билан ундириб олинди. Ахир биз бир маҳсулотга икки марта пул тўламаймизку?»

6. Суд энг кўп шубҳа тушаётган банк вакилларига шундай савол беради: Ўтган 7 ой давомида бошқа жисмоний ёки юридик шахсларнинг пулларини конвертация қилиб берганмисизлар?

Банк: Ҳа, қилинган.

Суд: Унда нега Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган суд қарорининг амалда бажарилишини таъминламагансизлар?

Банк: Биз ўз ваколатимиз доирасида ҳаракат қилганмиз.

Суд валюта биржасига: шу ўтган 7 ой давомида бошқа субъектлар учун конвертация амалга оширилганми?

Валюта биржаси: Бу банк сири ҳисобланади, буни судда ҳаммани олдида айтолмаймиз.

Суд: Судга айтишга мажбурсиз!

Валюта биржаси: Кейин алоҳида айтишимиз ёки ўзингиз ўқишингиз учун ёзма беришимиз мумкин.

Кўриниб турибдики, 310 минг доллар йўқолиб кетаётган жараёнда пичоққа илингудек бирор важнинг ўзи йўқ.

Бунга қадар, Тошкент шаҳар иқтисодий суди 2020 йил 17 февралда чиқарган ҳал қилув қарорига кўра, даъвогар «Астана бизнес»нинг даъво талаблари қисман қаноатлантирилиб, жавобгар – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги МИБ Тошкент вилоят бошқармасидан даъвогар фойдасига 310 минг АҚШ доллари ундирилиши белгиланган ҳамда МИБ Қибрай тумани бўлими юридик шахс эмаслиги сабаб қилиб келтирилиб, унга нисбатан иш юритиш тугатилган.

Даъво талабида суммани жавобгарлар Тошкент вилояти Молия бош бошқармаси, «Invest Finance Bank» акциядорлик тижорат банки, «Ўзбекистон Республика валюта биржаси» акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасидан ундириш қисми рад қилинган.

Яъни, маълум маънода даъвогар «Астана бизнес» МЧШнинг зарар кўргани, даъвоси асосли экани судларнинг қарорларига асосан эътироф этилган.

Аммо, бу яна боши берк кўчага кириб қолишни англатади. Чунки Тошкент шаҳар иқтисодий судида бўлиб ўтган суд инстанцияларининг бири МИБнинг Қибрай туман бўлими алоҳида юридик шахс мақомига эга эмас, деса, иккинчиси йўқ, бўлим юридик шахс мақомига эга, дейди. Судда шу масалага тугал ойдинлик киритилмаган.

Қолаверса, МИБ давлат ташкилоти бўлса, ўз маблағи бўлмаса, ундирганини ҳам ҳамиша бошқа томонга йўналтирса, бу пулни қаердан олиб ва қандай қилиб тўлайди?

Даъвонинг давлат органи – Мажбурий ижро бюросига нисбатан қисми қаноатлантирилиши ҳам ўз-ўзидан ушбу пул маблағлари учун давлат, яъни Молия органи солидар жавобгар бўлишини билдиради.

Аммо, судлар даъвонинг бу борадаги қисмини ҳам асоссиз равишда қаноатлантирмасдан, амалда суд қарори ижросини бажариб бўлмайдиган қилиб қўйган.

Шундай қилиб, сарлавҳада тилга олинган ҳолатга келдик – униси у ёққа тортди, буниси бу ёққа тортди, ўртада 310 минг доллар пул ҳам, бирор айбдор ҳам йўқ. Деярли 4 йиллик можародан эса қозоғистонлик инвесторлар ҳайрон… Бу ёқда президент инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида бот-бот кўрсатма беради. Пастдагиларга эса қонунлар ва ушбу кўрсатмалар етиб бормаётгандек…

Аброр Зоҳидов, Kun.uz мухбири.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *