Учинчи Ренессансга Паралимпия спортчилари ҳам муносиб ҳисса қўшади

Юртимизнинг кўп асрлик бой тарихига назар ташласак, унда тараққиёт чўққиларини забт этган икки Ренессанс даврларни кўришимиз мумкин. Бу даврларда давлатчилигимизнинг шаклланиши, жамиятда илму фан, санъат ва маданиятнинг юксалиши, буюк сиймоларнинг ўз ижодида эришган ютуқлари жаҳон тамаддунининг ривожига ҳисса қўшишдек ифтихорли жараёнлар гавдаланади.

Келинг, дастлаб Ренессанс сўзининг маъноси нима эканлигини билиб оламиз. РЕНЕССАНС – бу французча сўз бўлиб, қайта юзага келмоқ, янгидан туғилмоқ деган маъноларни билдиради. Тарихчилар эса бу сўзни инсоният тарихида улкан ўзгаришларни амалга оширган уйғониш даври деб атайди.

Ўзбекистон тарихидаги илк Ренессанс Сомонийлар даврига тўғри келди. Бу даврда буюк аждодларимизнинг яратган илмий-фалсафий асарлари ва оламшумул кашфиётлари ислом цивилизациясига тамал тоши бўлди. Ижтимоий соҳанинг ҳар томонлама ривожланиши, жамиятдаги муносабатларнинг муайян тартиб-тамойиллар асосида қурилиши, шаҳару вилоятларнинг иқтисодий-маданий ривожланиши, илму маърифатнинг марказлашуви сингари муҳим жараёнлар ўрта асрларда юртимизда давлатчиликнинг ўзига хослигини белгиловчи тамойиллардир.

Иккинчи Ренессанс – Амир Темур ва Темурийлар даврига тўғри келиб, нафақат Моварауннаҳр, балки бутун Марказий Осиё ўлкалари ўз тараққиётининг янги поғонасига кўтарилади. Бу даврда давлатчилик асослари такомиллашиб, шаҳарсозлик ва меъморчилик авж олди, халқаро савдо ва дипломатик алоқалар жадаллашди. Шунингдек, бу даврда фан, маданият ва санъат соҳаларининг ривожланиши ҳамда тафаккур доирасининг юксалиши намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллик тантаналарида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: «Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз. Шу нуқтайи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда «Янги Ўзбекистон» ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.

Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас», – деган сўзи янгради.

Юртбошимиз айтганларидек, ҳозир дунё ҳамжамиятида “Янги Ўзбекистон” ибораси кенг қўлланилмоқда. Шундай экан Янги Ўзбекистонни қуришда илм-фан, санъат ва маданият билан бир қаторда спорт соҳасида ҳам юқори натижаларга эришиш лозим. Ана шундагина биз Учинчи Ренессансга қадам қўйишимиз мумкин. Бу йўлда паралимпия спортчилари ҳам ўз олдиларига қўйилган юқори мақсадларни амалга оширишга бор куч-ғайратини ишга солади. Жумладан, яқинлашиб келаётган Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинлари ва Ханжоу-2022 Пара Осиё ўйинларида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ медалларни қўлга киритиб, дунёга Ўзбекистон спортида уйғониш даври бошланаётганини кўрсатиб беради.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *