Фаруҳ Ҳамрақулов: Билдирилган ишончни албатта оқлаймиз

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси йилдан йилга спорт турлари қамровини кенгайтириб бормоқда. Масалан, 2008 йил Пекинда ўтказилган ёзги Паралимпия ўйинларида бор йўғи 2 та спорт туридан қатнашилган бўлса, орадан 4 йил ўтиб Лондондаги мусобақада 4 та спорт турида иштирок этилди. 2016 йил Рио мезбонлик қилган Паралимпия ўйинларида эса вакилларимиз 5 та спорт турида кураш олиб боришди.

Эътиборлиси, ассоциацияси раҳбарияти келгуси йил Токиода бўладиган навбатдаги Паралимпия ўйинларида 7 та спорт турида иштирок этишни таъминлашни мақсад қилган. Янги қўшилган спорт турларидан бири бу  пара академик эшкак эшиш ҳисобланади. Айни дамда ушбу спорт тури бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Тошкент денгизида ўқув-машғулот йиғинларини олиб боришмоқда. Биз эса у ерга ташриф буюриб, терма жамоамиз бош мураббийи Фаруҳ Ҳамрақулов билан олдиндаги режалар ҳақида қисқача суҳбатлашдик.

-Даставвал ушбу спорт туринининг юртимизда пайдо бўлиш тарихи ҳақида гапириб берсангиз.

-Мен ўзим академик эшкак эшиш спорт тури бўйича спорт устасиман. 2013 йилда профессионал фаолиятимни якунлагач менда ушбу спорт тури бўйича мураббийлик қилиш истаги пайдо бўлди. 2017 йилнинг декабрида менда пара академик эшкак эшиш спорт турини юртимизда ҳам ривожлантириш ғояси пайдо бўлди. 2018 йилнинг май ойида эса ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясига мурожаат қилдим. У ерда мени эшкак эшиш спорт турлари бўйича мутахассис Шаҳбозбек Исмоиловга йўналтиришди. Мен суҳбат давомида юртимизда имконияти чекланганлар ўртасида пара академик эшкак эшиш спорт турини ривожлантирмоқчи эканлигимни айтдим. Шаҳбозбек Исмоилов эса таклифимни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бирга менга бу масалада ҳамфикр эканини, паралимпия ассоциацияси ҳар доим ушбу йўлда менга ёрдамга тайёр эканини айтди. Шу кундан бошлаб Ўзбекистонда пара академик эшкак эшиш спорт тури ўз фаолиятини бошлади. 2019 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон “Rowing & Canoe” федерацияси билан ҳамкорликда пара академик эшкак эшиш бўйича мамлакат чемпионатини мусобақалар тақвим режасига киритдик.

-Ўтган давр мобайнида шогирдларингиз билан бирга қандай халқаро мусобақаларда иштирок этдингиз?

-Дастлаб 2019 йилнинг апрель ойида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати орқали терма жамоа аъзолари шакллантирилди. Шу йилнинг август ойида Австрияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати эса ўзбекистонлик пара академик эшкак эшувчилар учун халқаро мусобақалар орасида биринчиси бўлди. У ерда гарчи совринли ўринларни қўлга кирита олмаган бўлсакда, биз учун жуда катта тажриба бўлди. Кейин эса октябрь ойида Жанубий Кореяда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида иштирок этдик. У ерда эса PR2 йўналишида Озодбек Қўчқоров ва Гулчирой Эсонбоева жуфтлиги иштирок этди ва олтин медалга сазовор бўлди. Очиғи, қитъа биринчилигида олтин медални қўлга киритишимиз биз учун сюрприз бўлди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлашим лозимки, ушбу натижаларга эришишда менга мураббий Бунёд Атамуродов ҳам астойдил ёрдам бермоқда. Қолаверса, яқинда яна 2 та мураббийни жалб этишни режалаштирганмиз. Буларнинг барчаси спортчиларимизнинг пухта тайёргарлик кўришларида муҳим аҳамиятга эга.

-Шу ўринда пара академик эшкак эшишда қандай йўналишлар бор ва улар ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

-Пара академик эшкак эшиш спорт турида спортчиларнинг ногиронлик турига қараб 3 та йўналишда ўзаро кураш олиб боришади. Булар PR1, PR2 ва PR3. Масалан, PR1 йўналишида спортчилар якка тартибда беллашишади. PR2 йўналишида оёғида нуқсони бор 1 та қиз ва 1 та йигит бир қайиқда сузади. PR3 йўналишида эса 2 та қиз ва 2 та йигит, жами бир қайиқда 4 та спортчи бўлади.

-Келажакдаги режалар.

-Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси бизга Токио-2020 ёзги паралимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритишни вазифа қилиб қўйган ва бу борада улар спортчиларимизнинг тайёргарлик кўришлари учун барча шароитларни яратиб беришмоқда. Энди олдимизда 2 та лицензион мусобақа кутиб турибди. Дастлаб, апрель ойи охирларида Жанубий Кореяда Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Сўнгра май ойида Италияда Европа очиқ чемпионати бўлиб ўтади.

Биз юқорида айтиб ўтилган ҳар иккала мусобақага ҳам тўлиқ таркибда иштирок этишни мақсад қилганмиз. Худо хохласа албатта юклатилган вазифани бажарамиз ва бизга билдирилган ишончни оқлаймиз. Ҳозирда қуйидаги спортчилар қўл остимда ушбу мусобақаларга тайёргарлик кўришмоқда:

PR3 4X

Қудратбек Раҳимов

Суҳроб Тўймуродов

Юлдуз Мусабоева

Умида Абдусадиқова

Акмалжон Султонов

PR2 MIX 2X

Озодбек Қўчқоров

Феруза Бўрибоева

PR1 M1X

Фаёзхон Содиқов

PR1 W1X

Тошгул Муҳаммадиева

Ўзбекистон Миллий Паралимпия

Ассоциацияси матбуот хизмати.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *