Футбол бўйича ҳудудий мусобақалар старт олди

Мамлакатимизда карантин талаблари юмшатилгандан сўнг бошқа соҳалар каби спорт соҳасида ҳам фаолият қайта тикланиб, бу борада ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда.

Жумладан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан бир қатор спорт тадбирлари офлайн (анъанавий шаклда) ташкил этила бошланди.

Жорий йилнинг 7 сентябридан эътиборан “Маҳаллада футбол”, “Футболимиз келажаги”, “Раҳбар кубоги” ҳамда “Ҳоким кубоги” футбол мусобақаларининг вилоят босқичига старт берилади. Шу кунларда ҳудудий босқичида ғолиблар аниқланмоқда.

Кеча мусобақаларнинг Хоразм вилоятининг Хива ва Урганч шаҳарларида ҳамда Қўшкўпир тумани ҳудудларида вилоят босқичига йўл олган жамоалар номига аниқлик киритилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси, вилоят ички ишлар бошқармаси ва вилоят футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда ташкил қилинган мусобақаларда 200 нафарга яқин ёшлар иштирок этишди. Мусобақалар ҳудудлардаги Тиббиёт бирлашмалари ҳамда Санитария ва эпидемиология осойишталик марказларининг тегишли ходимлари назорати остида тўлиқ карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ташкил қилинди.

Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари ҳамкор ташкилотларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *