
Токио-2020 ўйинлари бекор қилингани ҳақидаги хабарлар ОАВда кенг тарқалгани ортидан Халқаро Паралимпия қўмитаси ташкилотга аъзо ассоциациялар электрон манзилига қуйидагича хабар юборди:
“Ҳурматли иштирокчилар, сизга шуни маълум қиламизки, оммавий ахборот воситаларида Токио-2020 бекор қилинганлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ушбу тахмин уларнинг шахсий фикрларини билдирувчи номаълум манбага асосланади ва ишончли эмас”, – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Токио-2020 Паралимпия ўйинлари 2021 йилнинг 24 августидан 5 сентябригача ўтказилиши режалаштирилган. Ҳозирча 16 нафар ўзбекистонлик спортчи ушбу нуфузли мусобақага йўлланмани қўлга киритган.