«Халқимизга фойдамиз тегса бас» — савоб умидида кислород ускуналари бераётган тадбиркор билан суҳбат

Коронавирус пандемияси даврида беморларга сунъий нафас бериш ускуналари танқислиги сезилди. Жуда кўпчилик ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, иложсизликдан қўлбола кислород баллонларидан фойдалана бошлади. Шундай мураккаб вазиятда тадбиркор юртдошимизнинг савоб умидида бундай ускуналарни оғир беморларга вақтинча фойдаланиш учун бераётгани диққатимизни тортди.

– Ўзим тошкентликман, 40 ёшдаман, тадбиркорлик билан шуғулланаман, – дея сўз бошлади суҳбатдошимиз Алишер Ҳакимхўжаев. – Яқинда ён қўшним шу касалликдан оғирлашиб қолди. Роса қидириб, керакли ускуналарни топа олмадик. Кейин дўстимнинг оналари шу муаммога дуч келиб вафот этди. Шунда бу ускуналарга катта зарурат борлигини ҳис қилиб, мана шу ташаббусга қўл урдик.

– Айни пайтда қандай турдаги нечта аппаратингиз бор, яъни неча кишига бундай ёрдам кўрсата оласиз?

– Ўзимда 6та, дўстларимизда 4-5та, жами 10тадан ортиқ оксигенератор аппарати, бир неча пулсоксиметрлар бор. Бу ишга савобталаб ўртоқларим ҳам бош қўшишган ва шукрки, уларнинг сафи кенгайиб бораяпти.

– Зарур ускуналарни бепул берасизми ёки ижара асосидами? Ижара асосида бўлса, нархлари қанақа?

– Асосан бепул берамиз. Лекин ижарага бериладиган ҳолатлар ҳам бўлади. Агар беморнинг молиявий имконияти яхши бўлса, шароитига қараб, ўзи истаганча ижара ҳақи оламиз. Ва ижара ҳақи олаётган одамимизга ҳам тушган пуллар яна янги ускуналар олишга сарфланишини тушунтирамиз. Лекин 95 фоиздан ортиқ одамларга бепул берамиз.

Бир рақамни айтсам тушуниб оласиз – шу пайтгача ижарадан 1 млн сўм пул олдим. Чунки асосан муҳтожлар мурожаат қилади, бадавлат одам эса ўзи харид қилиб олаверади. Яъни бу ускуналарни ижарага бериб тирикчилик қилиш ниятимиз асло йўқ. Мақсадимиз – халқимизга оғир пайтда озми-кўпми кўмак бериш.

Ускуналар бўш қолса, «ахир қаердадир кимдир нафас олишга қийналиб ётгандир» деб озгина диққат бўламан. Шунинг учун муҳтожлар +998998845515 рақамига, дўстимиз Алишерга қўнғироқ қилсалар, бўш-бандлигига қараб имкон қадар олиб бориб ўрнатиб берамиз. Ҳозирча фақат Тошкент шаҳрига етказиб бера оламиз.

– Ускуналарни қаердан, қайси маблағ ҳисобига олиб келгансиз, нархлари қанақа? Бунинг учун ҳомийлар ёрдам беришганми?

– Ўзимизнинг ўртоқларимиз билан, шахсий маблағимизга олиб келганмиз. Фаолиятим ҳам чет элдан маҳсулот олиб келиш билан боғлиқ. Бу ерда бирор ҳомийнинг кўмаги бўлмаган.

Хитойдан олган ускуналаримиз нархи 800-1000 доллар атрофида турса, Европадан келтирилганининг қиймати 2,5 минг доллар. Қимматга харид қилганимиз оғир аҳволдаги икки беморни бемалол кислород билан таъминлаб тура олади.

– Сиз каби фаолиятни йўлга қўйиш истагида бўлганларга нима деган бўлардингиз?

– Албатта, ҳар ким ўз савоб-гуноҳига ўзи жавобгар, охират учун ўзи захира қилади. Умид қилардикки, имкони борлар ҳозир ёрдам беришлари ҳар қачонгидан ҳам зарурроқ.

Биз нима қилсак, ўзимиз учун қиламиз, Аллоҳ учун деганимиз билан яратган бизнинг бирор яхшилигимизга муҳтож эмас. Аксинча, биз Аллоҳдан савоб умидидамиз. Агар кимдир сафимизга қўшилмоқчи бўлса, ёки ўзи шундай иш қилса, биз бундан фақат хурсанд бўламиз.

– Хайрли амалларингиз савобини кўпайтириб берсин.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *