Ханчжоу-2022 ва Париж-2024 мусобақаларига тайёргарлик дастурлари муҳокама қилинмоқда

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда терма жамоаларимизни Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёрлаш мавзусида янги дастур йўлга қўйди. Унда дастлаб Ўзбекистон сув спорти турлари федерациясининг иш режаси кўриб чиқилди. Унда МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, шунингдек, ҳар икки ташкилотнинг мутасадди вакиллари ҳам иштирок этишди. Тадбирда федерация Бош котиби Алишер Ғаниев ўз тақдимотини намойиш қилди.

Маълумки, сув спорти турлари Олимпия ўйинларида энг кўп медаллар тақсимоти ўйналадиган спорт тури ҳисобланади. Шу жумладан, Осиё ўйинларида ҳам. Бугунги тадбирда Республикамизда фаолият олиб бораётган спорт базалари, терма жамоа вакилларини йирик мусобақаларга тайёрлаш масалалари батафсил кўриб чиқилди.

Йиғилиш давомида терма жамоаларнинг яхши натижаларга эришишида спортчиларга етарли шароит яратиб бериш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, мутасаддилар томонидан сув спорти турлари бўйича жаҳон стандартлари талабига жавоб бера оладиган база ташкил этиш масаласи ҳам ўртага ташланди.

Париж Олимпиадасига қадар спортчиларимиз олдида турган мусобақаларда муносиб иштирок этишлари учун уларга шарт-шароит яратиб бериш борасида барча имкониятларни ишга солиш, жумладан, хориж давлатларида ўқув-йиғин машғулотларини ташкил этиш борасида таклифлар кўриб чиқилди.

Ўз навбатида тадбир танқидий руҳда бўлиб ўтганини таъкидлаш жоиз. Расмий вакиллар қарорига кўра, тақдимотда кўрсатилган масалалардаги камчиликлар 14 сентябрь куни такрор кўриб чиқиладиган бўлди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *