Ханчжоу-2022 Пара Осиё ўйинлари маскотлари эълон қилинди

Кеча 16 апрель куни Хитойнинг Ханчжоу шаҳри мезбонлик қиладиган IV Пара Осиё ўйинларининг маскотлари оммага таништирилди.

«Feifei»нинг дизайни Ланжу маданиятидаги “илоҳий қуш”дан илҳомланган тарзда яратилган. Афсоналарга кўра ушбу “илоҳий қуш” бахт-саодат олиб келади. У шунинг учун бахт ва маданиятлар хилма-хиллиги хабарчиси сифатида кўрилади.

Ушбу қушнинг яноқларидан то қанотларигача Ланжу маданиятининг ўзига хос наъмунаси бўлиб, баланд қанотлар уларнинг жўшқинлиги ва гўзаллигини ифодалайди. Унинг тожидаги “i” ҳарфи ақл-идрокни англатади. Бундан ташқари, Ханчжоу “интернет шаҳри” деган маънони ҳам англатади.

Осиё Паралимпия қўмитаси президенти Мажид Рашид маскот ҳақида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди: “Маскот мусобақалардан анча олдин эълон қилинганидан ва шу боис бутун Осиёни ҳаяжонга солишни бошлаганидан мамнунмиз. Ташкилий қўмита логотип ва шиорлардан ташқари, ўйинларни тарғиб қилишнинг ажойиб воситаси ҳисобланган шундай жозибали маскотни яратишгани билан табриклайман.

Маскот спортчилардан тортиб то томошабинларга қадар ўйинларни фаоллаштиришга ёрдам беради. Шунинг учун маскотнинг жозибали бўлиши жуда муҳим. «Feifei» ҳам ана шундай жозибага эга. Бу спорт, маданият ва дўстлик элчиси. Буларнинг барчаси Осиё Паралимпия ўйинларининг жуда муҳим жиҳатларидир. Биз ушбу жиҳатлар маскотда акс этганидан хурсандмиз”.

Маълумот учун, Ханчжоу мезбонлик қиладиган IV Пара Осиё ўйинлари 2022 йилнинг 9-15 октябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда 3 мингдан ортиқ спортчилар жами 22 та спорт турида беллашадилар. Шу мусобақадан бошлаб пара таэквондо ва пара каноэ Осиё ўйинлари дастурига киритилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *