Ханчжоу-2022, Париж-2024: Хорижлик мураббийларнинг фикри тингланди

Хабар берганимиздек, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда терма жамоаларимизни олдинда кутиб турган Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёрлаш бўйича тақдимот дастурларини намойиш қилиш йўлга қўйилган. Бугун жамоаларимизда фаолият олиб бораётган хорижлик мураббийларнинг мазкур дастур бўйича фикр-мулоҳазалари тингланди. ZOOM платформасида кечган мазкур йиғилишни МОҚ президенти маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов олиб борди. Унда қиличбозлик бўйича 3 карра Олимпия ўйинлари чемпиони россиялик Владимир Назлимов, дзюдо бўйича Олимпия ўйинлари ғолиби грециялик Илиас Илиадис, каратэ бўйича тажрибали мураббий Шаҳоб Султани каби жамоаларимизда ишлаётган 10 нафарга яқин хорижлик ва маҳаллий мураббийлар, МОҚ қошида тузилган тезкор штаб бошлиғи Шерзод Ташматов қатнашди.

Тадбир аввалида мураббийлар учун дастур ғояси, моҳияти ва мақсадлари тушунтириб ўтилди.

Бизнинг олдинда турган асосий мақсадларимиз Токиодан кейинги йирик комплекс мусобақалар – Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинлари бўлади. Сизларда узоқ йиллик тажриба бор. Барчангизни фикрингизни билиш биз учун муҳим. Мана шундай тажриба алмашиш орқали жамоаларимизнинг муваффақиятли иштирокига ҳисса қўшишимиз мумкин. Мақсадимиз Сизнинг ҳам методикангизни татбиқ қилиш”, – деди Назиржон Худойқулов.

Шундан сўнг Владимир Назлимов, триатлон бўйича тажрибали мураббий Виктор Земцов, оғир атлетика бўйича тренер-консультант Ержас Болтаев, Шаҳоб Султани, жанубий кореялик таэквондо мураббийи Ким Юнг Жинг, Илиас Илиадис каби мутахассислар ҳам сўз олиб, тақдимот бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Тақдимот яхши ишлаб чиқилган. Барчаси батафсил кўрсатиб ўтилибди. Биласизми, бунга қўшимча сифатида шуни айтиш мумкинки, унда асосан ёшлар мусобақаларини кўпайтиришга эътибор қаратиш керак. Аввал, Собиқ Иттифоқ даврида шу нарса яхши йўлга қўйилгани учун кучли захира етишиб чиқаверган. Ҳудудларда ёш иқтидорли спортчилар кўп. Лекин улар мунтазам халқаро мусобақаларда иштирок этишмаса, терма жамоага саралаб оломасак, биз уларни йўқотиб қўямиз”, – деди Ержас Болтаев.

Ўз навбатида, Владимир Назлимов Болтаевнинг фикрини қўллаб қувватлади ва мазкур тизим Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси раҳбарлигига келгандан сўнг ушбу спорт турида татбиқ қилингани ва бу катта самара берганини қўшимча қилди.

Шунингдек, маҳаллий мураббийларимиз номидан бокс бўйича терма жамоа тренери Тўлқин Қиличев ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *