Хоразмда стол теннисчилар учун барча шароитлар муҳайё

Мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турларини янада оммалаштириш мақсадида чекка-чекка ҳудудларида, шаҳар ва туманларда барча имкониятлар яратилмоқда. Ушбу имкониятлар самарасида юртимизнинг турли ҳудудларида болалигидан спортга ошно бўлиб келгусида юрт шарафини ҳимоя қилишдек улкан бахтга муяссар бўлаётган ёшлар сони ҳам ортиб бормоқда.

Бугун ўзбек ёшлари бокс, таэквондо, футбол, қиличбозлик, спорт курашлари, дзюдо, стол тенниси каби бир кўплаб спорт турлари билан шуғулланган ҳолда, улкан марраларни забт этиб келмоқда. Ўзбекистон стол тенниси федерацияси томонидан ушбу спортни янада оммалаштириш ва иқтидорли ёшларни камол топишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Хоразм вилоятида мазкур спорт тури билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар яратилган. Ҳудудда стол тенниси бўлимлари сони 18 тани ташкил этади. Мазкур тўгаракларда 38 нафар (27 аёл ва 11 эркак) мураббий 1100 нафардан зиёд турли ёшдаги теннисчиларга назарий ва амалий машғулотларни ўтказмоқда.

Ушбу бўлимлар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш, ҳудудда мусобақаларни юқори савияда ўтказиш, спортчи ва мураббийларнинг тажрибасини ошириб бориш каби вазифаларни Ўзбекистон стол тенниси федерацияси Хоразм вилояти бўлими доимо назоратга олган ҳолда уларнинг фаолияти билан танишиб боради.

Ёш спортчиларни юқори натижаларни қўлга киритишида Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда стол тенниси федерацияси томонидан мураббийлар ва спортчиларга ўтказилаётган турли хил семинарлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Мен Тупроққаъла туманида жойлашган стол теннис тўгарагида шуғулланаман, – дейди Жасурбек Абримов. – Туманимизда мазкур спорт тури учун барча қулайликлар яратилган. Мураббийларимиз карантин вақтида машғулотларимизни қолдирмаслигимиз учун ҳам шароит қилиб беришди. Ҳозир уйда бўлсакда ўзимиз севган спорт тури билан ҳеч қандай қийинчиликсиз шуғулланмоқдамиз. Бизга берилган топшириқларни мураббийларга онлайн тарзда кўрсатмоқдамиз. Мен каби бошқа спортчиларга шарт-шароитлар яратиб бераётган федерациямиздан миннатдормиз. Насиб қилса келгусида стол тенниси бўйича Осиё ва жаҳон чемпиони бўлмоқчиман.

Бугунги кунга келиб Хоразмда Жасурбек каби ўз олдига улкан марраларни қўйган ёшлар сафи кўп. Умид қиламизки, улар Ўзбекистон терма жамоаси сафида нуфузли турнирларда иштирок этиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтаради.

Ўзбекистон стол тенниси федерацияси матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *