Хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот институтлари ва спортчиларни тайёрлаш марказлари фаолиятларининг таҳлили

Россия Федерациясининг Жисмоний тарбия ва спорт илмий федерал маркази олимлари Э.С.Озолин ва Б.Н.Шустинлар томонидан хорижий давлатларнинг илмий-тадқиқот институтлари ва спортчиларни тайёрлаш марказлари фаолиятлари бўйича олиб борилган илмий изланишлари натижасида қуйидагилар аниқланди:

Жаҳоннинг Россия, Буюк Британия, АҚШ, Германия, Австралия, Канада, Франция, Хитой, Корея, Япония, Жанубий Африка Республикаси каби кучли спорт давлатлари спорт соҳасидаги илмий-тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда спортда истеъдодларни аниқлаш ва тарбиялашга йўналтирилган молиявий ҳамда инсоний ресурсларига муҳим эътибор берилади.

Мазкур мамлакатларнинг ушбу дастурлардаги асосий йўналиши – миллий спорт институтлари ҳамда спортчиларни тайёрлаш марказларини ташкил этилиши ҳисобланади. Чунки ушбу институт ва марказларда спорт ва спорт машғулотларининг назарияси ва амалиёти ўрганилиб, юқори малакали спортчиларни илмий-методик жиҳатдан таъминлаш асосий мақсади ҳисобланади. Марказларнинг фаолияти давомида спортчилар замонавий педагогик, биомеханик, физиологик тест ва тиббий кўрикдан ўтади. Бу жараёнда янги илмий билимларни олиш ва тайёргарлик дастурларига ўз вақтида ўзгартиришларни киритиш ва уларни такомиллаштириш имконини беради.

Россиялик олимлар Озолин ва Шустинлар томонидан ушбу йўналишда айрим давлатлар таҳлил қилиниб, қуйидагилар маълум бўлди:

Буюк Британия
Англиянинг спорт институти мамлакатда соҳани ривожлантиришда спорт ва тиббиёт бўйича илмий тадқиқотлар орқали олинган натижаларни олий спорт маҳорати ҳамда миллий терма жамоаларни илмий-методик жиҳатдан таъминлашда ишлатади. Бундан ташқари ушбу институт спорт амалиёти ва тиббиёт йўналишида охирги натижаларни доимий таҳлил қилиб, спорт машғулоти жараёнини такомиллаштириб боради.

Институт ўз фаолиятида Олимпия ва Паралимпия, ёзги ва қишки спорт турлари ҳамда ҳаваскор ва профессионал спорт турлари бўйича федерациялар билан ҳамкорликни амалга оширади.

Ушбу институт мамлакатда фаолият кўрсатаётган 15 та марказ ва бошқа ташкилотлар билан самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу тизим мамлакатнинг барча ҳудудларда алоҳида спортчиларни ва спорт жамоаларини илмий-методик жиҳатдан таъминлашда қулайликни кўрсатади. Институтда жуда кўп спорт фани (илми) ва тиббиёт бўйича малакали мутахассислар ишлайди. Мутахассислар доимий равишда ўқув-йиғин машғулотлари ёки нуфузли мусобақаларда спорт турлари бўйича терма жамоалари таркибида фаолият юритадилар.

Институт спортчиларни қуйидаги йўналишлар билан таъминлайди: физиотерапия, тиббиёт, махсус тайёргарлик, спортда овқатланиш, психология, физиология, биомеханика, дастурий таъминот ҳамда иқтидорли спортчиларни аниқлаш. Қўшимча равишда институт илғор хорижий тажрибага эга бўлган мутахассис ва экспертларнинг илмий тадқиқотларидан олинган натижалардан спортчи ва тренерларни хабардор этиб боради.

Юқори малакали ва етакчи спортчиларни индивидуал жиҳатдан таъминлаш миллий дастур орқали қўлланилади, дастур доирасида спортчилар илмий-методик ҳамда тиббий жиҳатдан таъминланади. Институт ёзги ва қишки спорт турлари бўйича жами 1 700 га яқин юқори малакали атлетларни илмий жиҳатдан етказиб беради.

Англиянинг Лауборо университетида Жисмоний маданият, спорт ва саломатлик мактаби ва спортни такомиллаштириш маркази фаолият юритади. Мактаб спорт, таълим ва саломатлик йўналишида тадқиқотларни олиб боради. Ушбу мактабда спорт фанидаги юқори натижалар ва турдош фанлар бўйича қилинган илмий изланиш ўрганилади. Шу билан бирга, инсон туғилишидан бошлаб то қариликкача бўлган даври мобайнида унинг саломатлигини такомиллаштириш бўйича илмий изланишлар ҳам олиб борилади.

Университет таркибидаги марказ эса барча йўналишда спорт фаолиятини олиб боришни такомиллаштиради. Марказ штатида тренерлар ҳам фаолият кўрсатади. Ушбу марказ юқори малакали спортчиларга учта йўналиш бўйича методик ёрдам кўрсатади: спорт илм-фани, спорт тиббиёти ҳамда махсус куч ва умумжисмоний тайёргарлик.

Марказ мутахассислари томонидан спортда сифатли овқатланиш рациони, психологик ёрдам, мусобақаларга тайёргарлик кўриш, жароҳатлардан кейин тезроқ тикланиш, машғулотлар тизимини такомиллаштириш бўйича спортчиларга тавсияларни тайёрлайди. Тренер ва спортчиларнинг охирги ва замонавий билимларни олиши учун марказ аудиториялари интерактив таълим бериш воситалари билан жиҳозланган. Лабораториялардан эса махсус восита (тренажёр)ларда спортчилардан тест олиш тизими йўлга қўйилган. Марказ мутахассислари спорт тиббиёти, физиотерапевт ва жисмоний тайёргарлик бўйича тренерлар билан биргаликда спортчиларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликда иш олиб боради.

Давоми кейинги сонларда.

Олимпия спорт турлари фаолиятини координация
қилиш департаменти бош мутахассиси Б.Ибрагимов таржимаси

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *