Хорижлик мураббийлар иштирокида маҳаллий тренерлар учун навбатдаги онлайн семинар

Қиличбозлик федерацияси масофавий онлайн семинарлар ўтказишни давом эттирмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири маҳаллий тренерлар учун хорижлик мураббийларимиз иштирокида ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси мутасаддилари, шунингдек, ҳудудий вакиллар ва мураббийлар иштирок этишди. Онлайн семинар қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийлари Хосе Бенавидес (Венесуэла) ва Консалский Жорзи-Збигниев (Польша) томонидан олиб борилди.

Мутахассислар онлайн суҳбат давомида қиличбозликда жанг стратегияси ва тактикасига жиддий эътибор берилишига алоҳида тўхталиб ўтишди. Сўнгра маърузачилар қиличбозлик сирлари, мураббийлар томонидан ёндашувнинг ўзига хос хусусиятлари каби эътиборли масалалар юзасидан ўз фикрларини билдирдилар. Мутахассислар, шунингдек, қиличбозларнинг техник ва тактик тайёргарлиги ҳақида батафсил гапириб, кўп йиллик тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

Жанг тактикаси ва техникасини ўргатишда мураббий спортчининг индивидуал хусусиятларини инобатга олиши керак. Шогирдини тайёрлаш тизими махсус режа ва қаттиқ машғулотдан иборат бўлиб, у техник, тактик ва психологик тайёргарликнинг яхлитлигини ташкил этади. Тўғри қўйилган вазифа билан мураббий спортчини ҳаракат стратегиясини ишлаб чиқишга ўргатиши керак», – деди Хосе Бенавидес.

Шунингдек, онлайн тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиб, ўз малакаларини оширишди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *