Хорижлик мутахассис иштирокида енгил атлетика мураббийлари учун мастер-класс

Бугун Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан Сурхондарё, Қашқадарё, Сирдарё вилояти ва Тошкент шаҳридаги мураббийлар учун терма жамоада фаолият олиб бораётган хорижлик мутахассис Борис Жгир иштирокида онлайн семинар ташкил қилинди.

Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов, енгил атлетика федерацияси раиси Андрей Абдувалиев, шунингдек, МОҚ ва федерациянинг мутасадди вакиллари ҳам иштирок этишди.

Борис Жгир ўз нутқини ҳозирги даврдан келиб чиққан ҳолда саломатликни сақлаш ва уни назорат қилиш мавзуси билан бошлади. Шунингдек, мутахассис соғлиқни сақлаш, кислород концентрацияси ва ўпка чидамлилигини ошириш борасида илғор мамлакатларнинг тажрибалари ва методлари ҳақида гапириб берди. Борис Жгир бу борада керакли маълумотларни берар экан, вақти-вақти билан нафасни ушлаб туриш буйракларнинг фаолиятини рағбатлантиради, танани кислород билан бойитади. Кейинги ўринларда мутахассис витаминларнинг фойдаси, хусусан, “D” витаминининг роли ҳақида гапириб берди.

Тадбир давомида МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ҳам сўз олиб, карантин талаблари юмшатилаётганига қарамай қатнашчиларга хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш кераклиги ҳақида эслатиб ўтди.

Борис Жгирга қимматли маслаҳатлари учун ташаккур айтиб қоламиз. Бу жуда фойдали семинар бўлмоқда. Бундай вақтда инсон ўзига ғамхўрлик қилиши ва ўз саломатлигини ўйлаши керак. Касал бўлишдан кўра унинг олдини олган яхши. Давлатимиз раҳбари айтганидек, биз бундай шароитда яшаш ва ишлашга ўрганишимиз керак”, – деди Рустам Шоабдураҳмонов.

Шунингдек, МОҚ раҳбари мутахассисга спортчилар учун ўқув-машғулот йиғинларини қандай ташкил қилиш кераклиги ҳақида мурожаат қилди. Борис Жгирнинг таъкидлашича, бундай вазиятда очиқ ҳавода машғулот ўтказиш яхши. Чунки қуёш ва тоза ҳаво вируснинг душмани. Ёпиқ хонада ҳамма нарса тўпланади ва бу спортчилар учун хавфли бўлиши мумкин. Агар машғулот ёпиқ жойда ўтказилса ҳам, хонанинг ҳавосини алмаштириб туриш керак. Масофани сақлаш ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш ҳам асосий талаблардан биридир.

Мутахассис тадбир давомида иштирокчилар учун бир нечта фойдали манбалар ва илмий мақолаларни таклиф қилди. Ўз навбатида федерация раҳбари бундай таклифлар барча учун қимматли ва фойдали бўлишини таъкидлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *