ХОҚ, БМТ ва Интерпол жиноятчиликка қарши ҳамкорликда курашади

Халқаро олимпия қўмитаси ва Бирлашган миллатлар ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўлими спортда ишончни мустаҳкамлаш орқали турли жиноятларнинг олдини олиш масаласида онлайн учрашув ўтказди.

ХОҚ президенти Томас Бах ва БМТнинг Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бўлими бошлиғи Гада Вали қатнашган мазкур мулоқотда COVID-19 касаллиги жиловлангач, дунёда интеграциялашув жараёнининг тикланишида спорт калит вазифасини ўташи ва бундай вазиятда спортни турфа хил жиноятлардан, коррупциядан ҳимоялаш бирламчи вазифалардан ҳисобланиши таъкидланди.

МОҚ раҳбари Томас Бахнинг билдиришича, БМТ, Интерпол ва ХОҚ ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумига асосан коронавирус пандемиясидан кейинги фаоллик даврида спортни турфа жиноятлардан, коррупцион блоклардан ва товламачиликлардан асраш глобал вазифалардан бирига айланади. Шу мақсадда халқаро спорт федерациялари, Миллий Олимпия қўмиталари ҳамда спортга дахлдор тузулмалар иштирокида семинарлар, брифинглар, конференциялар ўтказиш, мавжуд вазиятларни таҳлил этиш, шаффофлик тамойиллари асосида ҳамкорлик қилиш муҳимлиги айтиб ўтилди.

ХОҚ сайтида келтирилган ахборотга кўра, спорт тузулмаларида жиноятчиликка қарши кураш масаласига бағишланган биринчи онлайн семинар кеча Болтиқбуйи мамлакатлари учун ташкил этилди. Унда минтақадаги спорт ташкилотлари ва Олимпия ҳаракатларининг 40 нафарга яқин делегати қатнашди.

ХОҚ, БМТ ва Интерполнинг ушбу ҳамкорлик ҳаракатини Европа Кенгаши, УЕФА, Халқаро баскетбол федерацияси қўллаб-қувватламоқда.

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг Марказий Осиёдаги Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармаси карантин даврида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда шу йилнинг 6 апрелидан 10 майига қадар #уйдақол! #ҳаётгақўшил! #sportchallenge деб номланган совринли челленж ташкил этган ва унда қарийб 30 минг нафар юртдошимиз иштирок этганди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати​

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *