“Чарм тўп-2020” мусобақасининг пойтахт босқичи ғолиблари тақдирланди

Бугун пойтахтимиздаги «Бунёдкор” стадионида 15-16 ёшлилар ўртасида “Чарм тўп-2020” мусобақасининг Тошкент шаҳри босқичида ғолиб чиққан Миробод тумани “Фаровон” маҳалласи ёшларини тақдирлаш маросими ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Р.Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Р.Фозилов, Миробод тумани ҳокими Ш.Пўлатов, халқ депутатлари Миробод тумани кенгаши депутати Ж.Матчонов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси фахрийлар кенгаши раиси Т.Исоқов, АГМК клуби футболчилари А.Шораҳмедов ва Й.Жокич, жамоа мураббийлари ва ёш футболчилар иштирок этишди.

– Бугун давлатимиз раҳбари томонидан соғлом турмуш тарзини ҳаётга татбиқ этиш, спортни оммалаштириш борасида кенг кўламли ишлар қилиняпти. Айни пандемия шароитида жисмоний тарбия билан шуғулланиш ниҳоятда долзарб экани яққол кўриниб қолди. Сизлар бу борада намуна бўлиб, футболда ютуқларга эришиш баробарида саломатлигингизни ҳам мустаҳкамлаб боряпсиз. Биз ҳозирда Париж-2024 Олимпия ўйинлари учун тайёргарликни бошлаб юборганмиз. Айнан сизларнинг орангиздан етишиб чиқадиган ёшлар ана шу нуфузли мусобақада иштирок этиш имкониятини қўлга киритиши мумкин. Бунинг учун ҳозирданоқ машғулотларни кучайтириш керак бўлади, – дейди МОҚ раҳбари Р.Шоабдураҳмонов.

– Бизнинг давримизда ҳам “Чарм тўп” мусобақаси ўтказиларди. Кейинчалик бу анъана йўқолиб кетди. Гарчи “чарм тўп” деб аталса-да, сифатли коптокларнинг ўзи йўқ эди. Шу турнирнинг қайта тиклангани хайрли бўлди. Мана бугун сизлар учун нафақат спорт анжомлари, балки замонавий стадионлар ҳам қурилиб, ихтиёрингизга бериб қўйиляпти. Ўйлайманки, сизлар бу ишончни оқлаб, олдиндаги мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этасизлар, – деди таниқли футбол фахрийси Тўлаган Исоқов.

Сўзга чиққанлар пойтахтлик ёшларга республика турнирида ҳам омад тилашди.

Шундан сўнг, ташкилотчилар томонидан таъсис этилган эсдалик совғалари, футболчилар дастхати туширилган копток, ташаккурномалар ўз эгаларига топширилди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *