Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони табриклади

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларусь Республикаси президенти сайловида эришган ғалабаси билан қутлади.

«Давлатимиз раҳбари ўз мактубида сайловчилар иштирокининг юқори даражаси ва овоз бериш натижалари Беларусь халқининг Александр Лукашенкога бўлган улкан ишончини ва бирдамлигини, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, мамлакатда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш йўлида амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар давом эттирилишини тўлиқ қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор намоён этганини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувларни амалга ошириш икки томонлама муносабатларни аниқ мазмун – иқтисодиёт тармоқларида кооперация бўйича муҳим лойиҳалар ва гуманитар алмашинувга оид дастурлар билан бойитишига ишонч билдирди.

Давлатимиз раҳбари Александр Лукашенкога мустаҳкам соғлик, фаровонлик ва янги зафарлар, дўст Беларусь халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

  • Беларусда 9 август куни президент сайлови бўлиб ўтди. Пойтахт Минскда президент сайловидан кейинги норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Иштирокчиларини тарқатиб юбориш учун милициянинг махсус бўлинмаси куч ишлатишга мажбур бўлган.
  • Беларусь Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, президентлик сайловларида республиканинг амалдаги раҳбари Александр Лукашенко 80,23 фоиз овоз тўплаган. Мухолифат номзоди Светлана Тихановская эса, расмий маълумотларга кўра, 9,9 фоиз овоз тўплаган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *