Шароф Муҳитдинов: Олти ойдан бери маош олмадик, аммо биз майдонга пул учун чиқмаймиз

“Насаф” ўз майдонида АГМК жамоасига қарши ўйинда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада совринли ўринлар учун кураш янада кескин тус олди. Аммо ажабланарлиси шундаки, “Насаф” футболчилари охирги марта май ойида маош олишган. Шундан бери пулсиз ўйнаб келаётган жамоанинг шижоатини кўринг, қойил қолса арзийди.

АГМКга қарши беллашувдан кейин қаршиликларнинг ҳақиқий етакчисига айланган  Шароф Муҳитдинов sports.uz мухбирининг саволларига жавоб қайтарар экан, чиндан ҳам анчадан бери ойлик маош ва мукофот пулларисиз ўйнаб келишаётганини таъкидлади.

–  Шароф, “Насаф” – АГМК ўртасидаги ўйин барчага манзур бўлди, жуда кескин тарзда кечди. Бундай учрашувдан кейин нималарни айта оласиз?

–  Биласиз, бизда жамоавий ўйин жуда яхши шаклланган. Кўпчилик эса АГМКга қарши учрашувни олти очколик ўйин, деб ҳисоблашди. Футболда айтишади-ку, ким кучли бўлса, ўша жамоага омад кулиб боқади. Ўйлайманки, АГМК билан ўйин кўпчиликка ёқди.

–  Бу “Насаф”нинг жорий мавсумдаги энг яхши ўйини, деб айтиш мумкинми?

–  Биз уйимизда кўплаб ўйинларни яхши даражада ўтказдик. Кечаги учрашув бизга янада муҳим эди. Биласиз, ундан олдинги турда сафарда “Бухоро” билан 0:0 ўйнаб икки очкони йўқотдик. Ўз майдонимиздаги ўйинни ютиш учун майдонга тушгандик.

–  Сизнингча, иккинчи ва учинчи ўринлар учун асосий кураш “Насаф” ҳамда АГМК ўртасида ҳал бўлади деб ўйлайсизми?

–  Ҳа, албатта. Энди иккинчи ва учинчи ўринлар учун кураш янада қизийди ва ўйинлар ҳам шунга яраша ўтади.

–  “Пахтакор” яна кутилганидек пешқадамлик қиляпти. Бу йил ҳам чемпионликни ҳеч кимга бермайди деб ўйлаяпсизми?

–  Ҳамма яхши билади, “Пахтакор” жамоасида тажрибали футболчилар жуда кўп. Олдинда ҳали яна ўйинлар бор. Тўғри, чемпионлик учун “Пахтакор” асосий давогар. Лекин биз ҳам қўлимизни туширмаймиз. Охиригача ҳаракат қилиб кўрамиз.

–  Кўпчилик эса сизни ушбу мавсум “Насаф”даги охиргиси бўлиши ҳақида айтишмоқда. Балки хорижда ўйнаш фурсати келгандир…

–  Буни вақт кўрсатади. Яширмайман, агарда менга ҳам хориждан яхши таклиф бўлса, ўзимни у ерда синаб кўрмоқчиман.

–  Айнан қаерлардан таклифлар бор?

–  Бу сир бўла қолсин. Балки клуб раҳбарларига ҳам таклиф билан чиқишгандир, буниси менга қоронғу. Шартномам эса шу йили тугайди.

–  Эшитишимча, анчадан маош олмабсизлар-а?

–  Ҳа, олти ойдан буён маош олмадик.

–  Олти ойлаб маошсиз қандай қилиб футбол ўйнашга иштиёқ топяпсизлар?

–  Биз ёш жамоамиз. Шу боис бундай ҳолат кўпчилик футболчиларда энди содир бўляпти. Биз майдонга пул учун чиқмаймиз. Раҳбарлар эса барча масалани ижобий томонга ҳал қилиб беришларига ишонамиз. Адашмасам, қайсидир ўйиндан кейин мураббийимиз ҳам шу ҳақда айтганди.

–  Мукофот пуллари бўйича ҳам қарздорлик борми?

–  Ҳа, олтита мукофот пули.

–  Бош мураббий Рўзиқул Бердиевга қандай таъриф берасиз?

–  Унинг қандай мутахассис эканлигини ҳамма яхши билади. Рўзиқул Бердиев менинг катта футболга кириб келишимга сабабчи бўлган инсон.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *