Шаҳноза Мирзаева: Ҳаётни қадрига етинг, ўзингиздан яхши ном қолдиринг!

Тақдир тақозоси билан соғлигида муаммолар пайдо бўлган инсонларни икки тоифага ажратиш мумкин: Биринчисини кўриб раҳминг келади, иккинчисини кўриб ҳавасинг келади. Параканоэ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, Жаҳон ва Осиё чемпиони Шаҳноза Мирзаева барчанинг ҳавасини келтирадиган иккинчи тоифа инсонлардан биридир. У яқинда Токио-2020 Паралимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.

Қуйида ушбу моҳир спортчи қиз билан уюштирилган суҳбатимизни ўқишингиз мумкин:

-Шаҳноза авваламбор ўзингиз ҳақингизда қисқача гапириб ўтсангиз.

-Мен 1999 йил Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида туғилганман. Оилада 4 нафармиз: бувам, онам, мен ва синглим. Ёшлигимдан спортга жудаям қизиқардим. Хатто мактаб пайтларида ўғил бола синфдошларимдан ҳам тез югурардим.

-Параканоэга қачон кириб келгансиз? Биринчи мураббийингиз ким?

-Коллежда ўқиб юрган вақтимда Артём Кармеев менга параканоэ билан шуғулланиб кўришимни таклиф қилди. Шундан сўнг спортга бўлган қизиқишим сабаб унинг бу таклифига рози бўлдим ва шуғулланишни бошладим. Каноэда эшкак эшиш дастлаб мен учун қизиқарли машғулот бўлган бўлса, кейинчалик ҳаётим мазмунига айланди. Ҳозир каноэда ухлашга ҳам розиман (кулади).

Шу ўринда айтишим керакки, бунгача ўқ отиш ва баскетбол билан ҳам шуғулланганман. Аммо, профессионал эмас.

-Параканоэ бўйича илк ютуғингиз қайси?

-2016 йил май ойидан буён Ўзбекистон терма жамоаси сафида шуғулланишни бошлаган бўлсам, шу йилнинг сентябрь ойида Самарқандда Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу мусобақада кумуш медални қўлга киритдим. Қўлга киритган медалим кейинчалик менга келажакда янада яхшироқ шуғулланиб, янада юқорироқ натижаларни қайд этишимга туртки берди. Шундан сўнг 2017 йил Чехияда Жаҳон чемпионатида 2-ўринни, шу йилнинг ноябрида Таиландда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 1-ўринни қўлга киритдим. 2018 йил Венгрияда ўтказилган Жаҳон кубогида ғолиб бўлдим. Жорий 2019 йилнинг май ойида Польшада бўлган Жаҳон кубогида шохсупанинг энг юқори поғонасидан жой олдим.

Шундан сўнг август ойида Венгрияда Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда ҳам олтин медални қўлга киритдим ва шу билан бирга Токио-2020 йўлланмасига эга бўлдим. (Таҳр. Шу кунгача ўзбекистонлик параканоэчи жаҳон чемпионлигини қўлга киритмаган эди)

-Энди Паралимпия ўйинларига қадар яна қандай йирик мусобақада иштирок этасиз?

-2020 йилнинг май ойида Германияда Жаҳон кубоги бўлиб ўтади. Гарчи Паралимпия ўйинларига лицензияни нақд қилиб улгурган бўлсамда, ушбу мусобақага ҳам жиддий тайёргарлик кўраман ва яна бир бор шохсупанинг энг юқори поғонасидан жой олишга ҳаракат қиламан.

– Келажакда ўзингизни спортдан ташқари қайси соҳада синаб кўрмоқчисиз?

-Очиғи, спорт менинг ҳаётимга айланиб улгурди. Юқорида айтганимдек усиз туролмайман. Шу боис сизга ишонч билан айтишим мумкинки, мен умримни спортга бағишлайман. Келажакда эса параканоэдан мураббий сифатида ўзимга ўхшаган чемпионлар етиштирмоқчиман.

-Орзуингиз нима?

-Онамни доимо бахтиёр кўриш, Ватаним байроғини ҳамиша юқори кўтариш, Муҳтарам Президентимизнинг биз спортчиларга кўрсатаётган ғамхўрликларига муносиб жавоб қайтариш, ўзбек спортчилари нималарга қодирлигини бутун дунёга кўрсатиб қўйиш.

-Дилингиздаги айтар сўзингиз.

-Ҳаётдан нолимаслик. Чунки, ҳаёт бу синов. Аллоҳ томонидан бериладиган ҳар қандай синовнинг мукофоти улуғ бўлади.

10 ёшимда бахтсиз ходиса туфайли поезд тагида қолиб кетдим. Натижада, оёғимдан ажралдим. Лекин, шундай бўлсада ҳаётдан умидимни узганим йўқ. Аксинча, унинг нақадар бебаҳо эканини ҳис қилдим.

Афсуски, тўрт муччаси соппа-соғ бўла туриб ўзи туғилиб ўсган юртга, оиласига заррача фойда келтирмайдиган инсонлар кундан-кунга ортиб бормоқда. Шундай одамларга айтар сўзим: Ҳаётни қадрига етинг, ўзингиздан яхши ном қолдиринг!

-Мазмунли суҳбат учун раҳмат. Сизга келажакдаги мусобақаларда омад тилаймиз.

-Раҳмат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *