Шокинга спарринг чорлов, ёш спортчиларнинг кумирлари билан учрашуви ёхуд Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясида “Очиқ эшиклар куни”

Жисмоний тарбия ва спортнинг ҳаётимиздаги ўрни нақадар муҳим экани сўнгги бер неча ой давомида ўзининг яна бир карра исботини топди десак муболаға бўлмайди. Муҳтарам Президентимиз илгари сураётган соғлом турмуш тарзини янада тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси билан ҳамкорликда “Очиқ эшиклар куни” ташкил қилинди. Унда ушбу спортга қизиққан ёшлар, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари иштирок этишди. Таъкидлаш жоиз, тадбир ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтказилаётган мамлакат чемпионати арафасида ташкил қилинаётгани меҳмонларга таэквондо билан яқиндан танишиш ва ушбу спорт атмосферасидан баҳра олиш имконини берди.

Меҳмонлар даставвал мусобақа ўтказилаётган “Универсал” спорт саройида жам бўлишди. Тадбир давомида иштирокчиларга мутасаддилар томонидан таэквондо спорти ва унинг мамлакатимиздаги ривожи, спортчиларимиз эришган ютуқлар ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтилди.

Шундан сўнг меҳмонлар асосий терма жамоа шуғулланаётган залга ташриф буюришди. Юртимизнинг биринчи рақамли таэквондочилари олиб бораётган машғулотлар “Очиқ эшиклар кунига” ташриф буюрган ёшларда янада катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир давомида ўзбек таэквондоси тарихига оид турли савол-жавоблар, қизиқарли дастурлар ташкил қилинди. Шунингдек, машғулот якунида ёш таэквондочилар терма жамоамизнинг ўзлари истаган спортчиларига қарши кичик спарринг жанглари орқали маҳорат сабоқларини олишди.

Тадбир якунида унда фаол иштирок этган қатнашчилар эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Эътиборингизга ушбу тадбирдан тайёрланган фотогалереяни тақдим қиламиз:

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *