Шомуродов қозоқми? Элдор бу борада нима дейди?

“Женоа”да ўйнаётган Элдор Шомуродовнинг фаолиятини ҳамюртларимиздан ташқари Россиядаги футбол ишқибозлари ҳам жиддий эътибор билан кузатиб бормоқда. Хусусан, россиялик журналистлар ўзбек футболчиси билан турли интервьюлар уюштирмоқда.

Бир қатор қизиқ лойиҳалари билан кўплаб мухлислар эътиборини ўзини қаратган tele-sport.ru сайти Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси билан видеосуҳбат уюштириб, турли мавзуларда саволлар берди.

hqdefault_6

Ушбу интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз.  

– Дебют голингизни урган учрашувдан кейин нималар бўлди?

– Учрашувда ютқазганимиз учун гол ҳам татимади. Кўпчилик табриклади.Ўзим жамоа ютқазганига сиқилдим. Шунинг учун гол муаллифи бўлганимга унчалик аҳамият бермадим.  Умид қиламанки, кейинги голларим жамоага ғалаба келтиради.  

– Элдор, сиз ҳозир Ўзбекистонда бўлгани каби Россияда ҳам жуда машҳурсиз. Генуяда одамлар сизни танияптими?

– Тўғрисини айтсам, коронавирус пандемияси туфайли деярли кўчага чиқмайман. Шунга бу ерларда машҳурлигим сезилмаяпти.

– Сиз, Европадаги биринчи голингизни урган  ўйин – “Женоа” ва “Парма” учрашувини томоша қилиб, қизиқ ҳолатга дуч келдик. Беллашувни шарҳлаган италиялик шарҳловчи гол муаллифини қозоқ ҳужумчиси, деб таништирди. Буни қандай қабул қилдингиз?

– Ҳамма ҳам хатога йўл қўяди, зарари йўқ. Кейинги гал бунақаси такрорланмайди ва улар хатосини тўғрилаб олади. Ҳаммаси жойида. Хато кетган бўлса, энди ҳеч нарса қилиб бўлмайди.

15510269

– Италияга қандай мослашяпсиз. Кунингиз нималардан иборат?

– Куннинг ярми “Женоа” базасидаги машғулотларда ўтади. Машғулот кундузи бўлган кунлари соат бешта итальян тили бўйича дарс оламан. Бўш вақтимни ота-онам билан суҳбатлашишга сарфлайман. Пандемия туфайли йил давомида улардан кўп пайт узоқда бўлишимга тўғри келяпти. Бу йил улар билан бир марта кўришдим холос. Шунинг учун оилам билан кўпроқлашиб, гаплашишга ҳаракат қиляпман.

– Генуяда бир ўзингиз яшаяпсизми? 

– Аввалига агентим келиб, мослашиб олишимга ёрдам берди. Энди бир ўзим яшаяпман.

– “Ростов”дан “Женоа”га келганингизда, сизни қандай кутиб олишди? Янги келганларга қўшиқ куйлаш каби қанақадир урфлар бор эканми?

– Йўқ унақа нарса бўлмади. Машғулотга келдим ва машқ қилишни бошлаб юбордим.

– Итальян ошхонаси дунёда жуда машҳур. Сиз итальянча таомларга ўтдингизми ёки ўзбекча овқатларни еяпсизми?

– Бу ерда ўзбек ресторанлари йўқ. Ўзим ҳам овқатни яхши пишира олмайман. Шунга итальянча овқатларни еяпман. Менга ёқяпти. Чунки Ростовда ҳам итальян ресторанларига бориб турардим. Овқатланишда муаммо йўқ. Лекин паловни соғиндим.

rue5d2520e283_1

– Ўзингиз палов дамлолмайсизми?

– Йўқ. Энди рафиқам ёки ота-онам келганда ош еймиз.

– “Женоа”даги дўстларингизни ҳам палов билан меҳмон қиласизми?

– Албатта, мен уларга дунёдаги энг зўр таом ўзбек палови эканини айтганман.

– Итальян тилини ўрганиш қандай кетяпти?

– Бошида жуда оғир бўлди. Энди секин-аста тушуна бошладим. Келганимда бирорта сўзни билмасдим. Ҳозир баъзи гапларни тушуняпман. Ўрганиб оламан.

 Клуб ходимлари билан итальян тилида гаплашяпсизми?

– Ҳа. Амалиёт бўлиши учун улардан ҳам шу тилда гапиришни сўраяпман. Тушунмай қолсам инглиз тилидан фойдаланяпман.

– Янги йил яқинлашмоқда. Байрамни қандай кутиб оласиз? Ўзбекистонга қайтасизми ёки оилангиз Генуяга келадими?

– Янги йилни бир ўзим Италияда кутиб оламан. Муҳим ўйинлар бор, аввало, уларга тайёрланишим керак. Оиламдагилар кейинроқ келади.

– Италияга келганингизда сизни нима ҳайратга солди?

– Ростовда ҳамма нарса Ўзбекистондагидек эди. Италияда ҳаммаси ўзгача. Менталитет умуман бошқа. Ҳаммасига кўникишга тўғри келяпти.

– Зерикмаяпсизми?

– Йўқ. Бу ерга келишни орзу қилардимку. Мақсадим яхши ўйнаб, янада ўсишга эришиш.

1606821859364773793

– Маран нима деяпти?

– Ҳозир кўп гаплашмаяпмиз. Сабаби итальянчани барибир яхши тушунмайман.

– Жамоада сиз кўп мулоқот қилаётган ва сизга ёрдам бераётган футболчи борми?

– Клубда ҳамма ёрдам беришга ҳаракат қилади. Тушунмаганимга кўрсатиб беришади. Ўзим ҳам тилни тезроқ ўрганиш учун кўпроқ гаплашишга ҳаракат қиляпман.

– Элдор, Россияда ҳам худди Ўзбекистондаги каби кўпчилик сизга мухлислик қилади. Жуда машҳурсиз. Ҳамма кўпроқ гол уришингизни ва “Женоа” ҳам ғалаба қозонишини истаяпти.

– Мен ҳам ўз ўрнида бизни қўллаб-қувватлаб турганларнинг ҳаммасига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *