Шуҳрат Мақсудов “Бунёдкор” раҳбариятида иш бошлайдими? Ёхуд ўзининг тақдири борасидаги фаразлари ва бошқалар ҳақида

Ўзбек футболининг кўзга кўринган намояндаларидан бири – Шуҳрат Мақсудовни кўпчилик намуна қилиб кўрсатади. Чунки у ўзбек футболига нимадир бера олган. Сўзларимизнинг исботи тариқасида унинг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устаси, 12-Осиё ўйинлари ғолиби ҳамда “Шуҳрат” медали соҳибига айланганини таъкидлашимиз ҳам ўринли. Шу боис доим улар ҳурматда ва эъзоздадир. Куни кеча sports.uz мухбири билан бир қатор муҳим масалалар бўйича мулоқот қилди.

“Бунёдкор” билан “Насаф”ни “Ҳасан-Ҳусан”дек тасаввур қиламан”

Мақсудов анчадан бери “Бунёдкор”да Вадим Абрамовга яқиндан ёрдам бериб келаётганини барча яхши билади. Лекин ҳали бирор клубда мустақил равишда бошқарганини кўрмадик. Шундай экан, Шуҳрат Мақсудов қачон бош мураббийга айланади?

–  Аввало Ўзбекистон мухлисларига соғлик-саломатлик тилайман, – дея гап бошлади, Мақсудов. – Тезроқ коронавирус касаллиги бартараф этилишини тилаб қоламан. Энди ўзимнинг фаолиятимга келадиган бўлсак, тақдир деган гап бор. Ҳар доим ҳам инсоннинг ўзи хоҳлагани бўлавермайди. Одам ўзи билмаган ҳолда қайсидир мансаб ёки лавозимда ишлаб қолиши мумкин, бу тақдир. Футболчилик фаолиятим давомида 10 йил “Пахтакор”да тўп сурган бўлсам, ўша пайтларда кейинчалик 11 йил йил “Нефтчи” шарафини ҳимоя қиламан, деб ўйламагандим. Кўряпсизми, бу тақдир. Албатта, ўзим ҳам бош мураббий сифатида ишлашни хоҳлайман. Лекин тақдирим қандай бўлишини Аллоҳнинг ҳукмига ташлаб қўйганман. Айни пайтда Вадим Абрамовга ёрдамчи бўлиб ишлаётганимдан хурсандман. Кези келганда айтмоқчиманки, чемпионат тугашига бир тур қолганда совриндор жамоалар маълум бўлди. “Пахтакор”ни қўлга киритган олтин медаллари учун чин кўнглимдан табриклайман. “Насаф” эса бизнинг жамоамизни мағлуб этганидан кейин иккинчи ўрин эгасига айланди. Кумуш медал билан уларни қутлайман ва АГМК жамоасини учинчи ўрин соҳибига айлангани учун ҳам табриклайман. Айниқса, “Насаф” ва унинг мухлисларини чин қалбимдан табрикламоқчиман. “Бунёдкор” билан “Насаф”ни “Ҳасан-Ҳусан”дек тасаввур қиламан. Футболни ҳақиқий ва севган инсонлар буни яхши тушунади. Иккала жамоа академияларидан чиқаётган ёшлар ўз кучига ишониб мусобақада қатнашишяпти. Натижада бу жамоалар совриндорлар қаторидан жой эгаллашяпти. Ўтган йили “Бунёдкор” бронзани қўлга киритган бўлса, бу йил “Насаф” ҳаққоний тарзда кумуш медалини қўлга киритди. Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтишим керакки, бу мен учун ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади: фурсатдан фойдаланиб, “Бунёдкор”нинг ҳар бир футболчилари, ишчи-ходимлари ва мураббийларига миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Чунки бу мавсум жуда оғир кечди, ҳамма жамоа учун. Пандемиядан кейин ҳам бошқаларга қараганда айниқса, “Бунёдкор” қийинчиликка тушиб қолди. Шунга қарамасдан, жамоага минг раҳмат, негаки, сўнгги тургача клубимиз совриндорлар орасига киришга ҳаракат қилди. Шахсан ўзим “Бунёдкор”ни совриндорлар қаторидан жой олгандек ҳис қиламан. Жамоа аъзоларини маош олишлари чўзилиб кетган. Аммо ҳомийларимизга ишонамиз. Албатта, вазият ўзгаради.

максудов3

“Бунёдкор” раҳбариятида ишлаш борасида номзодим бор”

Яна бир асосий масала борки, бундан четлаб ўта олмаймиз. Сўнгги пайтларда айнан Шуҳрат Мақсудовни “Бунёдкор” раҳбариятида иш бошлаши мумкинлиги ҳақида эшитаётгандик. Бу аслида қанчалик тўғри?

–  Менинг “Бунёдкор” раҳбариятига номзодим борлиги ҳақида тўғри эшитган экансиз. Аммо ҳали бу жараён охиригача етиб боргани йўқ. Ҳозирча ушбу масала очиқ турибди. Ҳали бир тўхтамга келинмаган. Мени номзодим бор, ўзим ҳам розилик берганман. Боя айтганимдек, ҳозирча бу иш охирига етгани йўқ, – деди Мақсудов.

“Клубдан кетиш ниятим йўқ”

Умуман олганда, унинг кейинги режалари қандай? “Бунёдкор”да қолмоқчими ёки омадини бошқа жамоадан излаб кўрмоқчими? Бу ҳақида мураббий аниқ жавоб берди:

–  “Бунёдкор” жамоасидан ҳеч қаерга кетгим келмаяпти. Чунки “Бунёдкор” ўз номи билан “Бунёдкор”. Бундай клубдаги шарт-шароитлар ҳамма жойда ҳам йўқ. Клубнинг академияси жуда яхши. У ердан чиқаётган ёшларни кўрсангиз кўзингиз қувонади. Келажакда терма жамоаларимиз учун номзод футболчиларни қанча кўп етиштириб берсак, бу бизнинг ютуғимизга айланади. Юқорида айтганимдек, барибир “Бунёдкор”дан кетиш ниятим йўқ.

максудов2

“Бунёдкор” футболчилари билан фахрланаман”

Шу билан бирга ундан жорий чемпионатда сюрприз кўрсатган жамоа қайси дея сўраганимизда, ўзига хос жавоб қайтарди:

–  Бу мавсумда сюрприз кўрсатган жамоа сифатида фақат “Бунёдкор”ни айта оламан. Анча-мунча жамоа бундай шароитда салбий натижалар туфайли охирги ўринларга тушиб қолган бўларди. Буни айнан “Бунёдкор”да ишлаётганим учун айтмаяпман. Фақат, барча вазиятни кўриб, билиб турганим учун гапиряпман. Футболчиларга тасанно. Улар мураббийларнинг ҳурматини қилиб, жон куйдириб тўп суришди. Мен ушбу ўйинчиларимиз билан фахрланаман. Деярли барча ўйинчилар академиямиздан етишиб чиққан. Ўз вақтида менинг қўл остимда ёшлар жамоаси билан чемпион бўлгандик. Ўша таркибдан кўплаб футболчилар асосий жамоада муносиб тўп суришяпти ва яхши натижалар кўрсатишяпти.

“Ҳакамларга берганларга ҳам тегишли қарорлар чиқишини истайман”

Шунингдек, ЎФА томонидан ҳакамларнинг ўйинларни нохолис бошқарганлиги аниқланиб, уч нафарига жазо тайинлангани юзасидан кўплаб фикр ва мулоҳазалар билдириляпти. Бу масала бўйича Мақсудов қуйидагиларни айтди:

–  Биласизми, бунга жавоб бера олмайман. Ҳакамлар мавзусида уларни устида турадиган назоратчилари, комиссиялари бор. Ҳаммаси кўриб, адолатли қарор чиқаришяпти деб ўйлайман. Фақат шуни айтишим мумкинки, ҳакамлар олгани учун жазоланди, лекин бошқалар бермаса олмайди. Шу боис берган инсонларга ҳам тегишли қарорлар чиқса тўғри бўларди, деб ўйлайман.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *