Экспорт қилувчиларга компенсация ва кафилликлар тақдим этилади – Президент фармони

Республика ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг ҳозирги босқичида экспорт ҳажмларини кўпайтириш орқали макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, тайёр маҳсулот етказиб берувчиларни қўшимча молиявий ва ташкилий рағбатлантириш мақсад қилинган.

Президент “Экспорт фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2022 йил 1 январга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси экспорт қилувчиларга, шу жумладан, асосий фаолият тури савдо-воситачилик бўлган экспорт қилувчиларга:

  • а) экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун ажратиладиган кредитлар бўйича тижорат банки томонидан белгиланган кредит фоиз ставкаси ва миқдоридан қатъи назар:
  • миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 10 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда;
  • чет эл валютасидаги кредитлар бўйича фоиз харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 5 фоиз банддан кўп бўлмаган миқдорда компенсациялар тақдим этади;
  • б) тижорат банкларининг экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлари учун бериладиган кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик беради;
  • в) ижобий кредит тарихига эга бўлса, аввал олган кредитлари бўйича қарздорлиги бўлишидан қатъи назар, экспортолди молиялаштириш, шу жумладан, айланма маблағлар учун қўшимча олинадиган кредитлари бўйича мазкур бандда белгиланган миқдорлар ва шартларда компенсация
  • ва (ёки) кафилликлар тақдим этади;
  • г) тақдим этиладиган кафилликлар бўйича комиссия тўловларини икки бараварга камайтирилган миқдорда ундиради.

2022 йил 1 январдан бошлаб Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш президентнинг 2019 йил 24 майдаги ПҚ–4337-сон “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

  • Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлигига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:
  • тижорат банкларига экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун молиявий ресурслар ажратиш;
  • халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва молия компанияларидан экспортолди молиялаштириш учун маблағлар жалб этиш ишларини ташкиллаштириш.

Агентликка юкланаётган қўшимча вазифаларни амалга ошириш учун унинг ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ресурс базаси қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантириладиган Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади:

  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан қайтармаслик шарти билан 100 миллион АҚШ доллари;
  • халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, хорижий банклар ва хусусий молия компанияларининг қарзлари;
  • Жамғарма маблағларини тижорат банклари депозитларига белгиланган тартибда жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *