Элдор Бўрибоев: Асосий вазифам – спортчиларнинг оқилона овқатланишини ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш

Спортчининг қайд этаётган ҳар бир натижаси шубҳасиз унинг тўғри овқатланиши йўлга қўйилгани билан боғлиқ. Бу соҳа Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциациясида ҳам алоҳида назоратга олинган.

Бугун биз ассоциацияси диетологи Элдор Бўрибоев билан бу борада қисқача суҳбат уюштирдик.

-Авваламбор спорт диетологнинг вазифаси нималардан иборат эканлиги ҳақида тушунча бериб ўтсангиз.

-Спорт диетологининг биринчи  навбатдаги вазифаси спортчиларнинг оқилона овқатланишини ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдан иборат. Янада аниқроқ қилиб айтганда улар истеъмол қилаётган озиқ-овқатларнинг таксикологик, микробиологик тоза эканлигини кўздан кечириш ва оргонолептик баҳо бериш.

Шунингдек, спортчиларнинг кунлик хронограммасини билиш ва уларнинг сарфлайдиган қувватини аниқлаш. Бунда ҳар бир спорт тури бўйича алоҳида ҳисоб-китоб қилинади. Бундан ташқари, спортчиларнинг биоимпедансний анализ олиш, яъни улардаги тана массасини баҳолаш. Ушбу текширувлардан сўнг мавсумга қараб меню тузиб чиқилади.

Мен ҳафтада 2 марта спортчиларнинг антропометрик кўрсатгичларини ўлчаб бораман.

-Юқоридагилардан келиб чиқадиган бўлсак, ҳар бир спорт турига алоҳида-алоҳида меню тузиб чиқилади. Шундайми?

-Ҳа, албатта. Масалан, Енгил атлетикани оладиган бўлсак, ушбу спорт турида спортчилар кўп ҳаракат қилишади ва катта энергия сарфлашади. Шу боис уларга углеводларга бой махсулотларни кўпроқ берамиз. Дзюдо ва пауэрлифтинг каби спорт турларида эса асосий куч мушакларга тушади. Шунинг учун ушбу спорт тури билан шуғулланувчиларда мушакларнинг толиқиши юзага келади. Уларнинг ўрнини тўлдириш учун эса кўпроқ оқсилларга бой махсулотлар берилади.

Шу ўринда фаолиятимизнинг мураббийлар билан боғлиқ жиҳатларини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Чунки, мураббийлар бизга машғулот жараёни қандай кечиши ҳақида маълум қилишади ва шундан сўнг биз спортчиларнинг ҳолатини баҳолаб, уларга менью тузиб чиқамиз.

-Бевосита спортчилар билан ҳам суҳбатлар ўтказиб бориладими?

-Албатта. Спортчилар билан тез-тез суҳбатлашиб, тўғри овқатланишнинг аҳамияти ва бунда нималарга кўпроқ эътибор қаратиш кераклиги бўйича маслаҳатлар бериб борамиз. Бундан ташқари, суҳбат давомида уларнинг таклифларини ҳам эшитиб, агар таклиф қилинаётган овқатларда спортчига керакли бўлган нутрентлар бўлса, уларни меньюга киритамиз.

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси

матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *