Элдор Бўрибоев: Спортчиларга тўғри овқатланиш бўйича ҳар куни тавсиялар бериб боряпман

Ўзбекистон Миллий Паралимпия ассоциацияси ходимлари карантин пайтида масофадан туриб иш ташкил қилишгани ҳақида хабар бериб ўтгандик.

Бугун ассоциация диетологи Элдор Бўрибоев билан карантин пайтида қандай иш олиб бораётгани ҳақида қисқача суҳбат уюштирдик.

-Карантин пайтидаги фаолиятингиз ҳақида гапириб ўтсангиз.

-Ҳозир юртимиздаги вазиятни тўғри тушунган ҳолда мен ҳам ўз ишимизни уйдан туриб олиб боряпман. Спортчилар билан телеграм месенжери орқали доимий алоқани йўлга қўйганмиз. Шу ерда ҳар куни уларга  маслаҳат ва тавсияларни бериб боряпман. Улар ҳам ўзларини қизиқтирган саволлар билан менга мурожаат қилиб туришибди. Спортчилар билан шунингдек телефон орқали ҳам боғланиб турибман.

-Спортчиларга карантин пайтида асосан нималар ҳақида кўпроқ тушунча беряпсиз?

-Яхши савол бўлди. Спортчилар ўз уйларида ва табиийки бизнинг назортимиздан узоқда. Шу боис, уларга биринчи навбатда тўғри овқатланиш ҳақида доимий тушунтиришлар бериб боряпман. Бундан ташқари, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва уларнинг фойдали жиҳатлари ҳақида ҳам тушунчалар бериб боришни йўлга қўйганман.

-Тўғри овқатланиш ўзи нима дегани?

-Тўғри, илмий асосланган овқатланиш мустаҳкам соғлиқ, юқори ишчанлик ва узоқ умр кўришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Овқат инсонни ҳаёт фаолияти ва ўсиши учун муҳим бўлган қувват манбаидир. Организм учун муҳим озуқа маҳсулотлари 6 та гуруҳга бўлинади: углевод, оқсил, ёғ, витаминлар, минерал элментлар ва сув. Тўғри овқатланиш – ушбу маҳсулотларни мос ва етарли миқдорда қабул қилиш демакдир. Овқатланиш одамнинг ирсияти, ёши, жинси, жисмоний юкламаси, йилнинг иқлими ва фаслига боғлиқ бўлади.

Шу айтиб ўтиш лозимки ҳеч бир овқат ўз-ўзидан яхши ёки ёмон бўлиб қолмайди. Барча турдаги овқат маҳсулотлари маълум миқдорда озуқавий қийматга эгадир. Фақат нима истеъмол қилаётганимиз эмас, балки қанча миқдорда, қачон ва қанақа шароитда истемол қилаётганимиз ҳам муҳимдир.

Ҳозирги кунда тўғри овқатланишнинг бир неча қоидалари ишлаб чиқилган.

Уларнинг асосийларини қуйида келтириб ўтамиз:

1.  Овқат истеъмол қилиш жараёнига эътибор ва маъсулият билан қараш лозим, овқатланаётган пайтда ҳеч қачон иш ва муаммолар ҳақида ўйлаш керак эмас.

2.  Овқатни ҳар куни куннинг маълум бир қисмида ва маълум бир вақтда истемол қилиш лозим. Чунки ошқозон шунга кўникади ва шу вақтга келиб шира ажратишни кўпайтиради.

3.  Овқатни яхшилаб чайнаб (камида 15 марта) истеъмол қилган маъқул. Овқат оғиз бўшлиғида қанча кўп турса ва чайналса, ошқозонда шира шунча кўп ажралиб чиқади ва овқат хазм қилиш жараёни шунча осон кечади.

4.  Дастурхон атрофига хорғин ёки асабий холда ўтириш ярамайди. Овқат истеъмол қилишдан 10-15 дақиқа олдин барча муаммоларни унутиб, хотиржам холда овқат истеъмол қилишга тайёрланиш лозим.

5.  Истеъмол қилинаётган овқат маҳсулотлари турли-туман бўлиши керак, лекин уни меъёрдан ошириб юбормаслик лозим. Шуни эсдан чиқармаслик лозимки, ошқозон хажми 350-450 см3 .

6.  Овқат билан чой ўрнига шарбатлар ёки қайнатилаган сув истеъмол қилиш тавсия этилади, чунки чой таркибидаги танин овқат таркибидаги темир моддасини организмга тўлиқ сўрилишига тўсқинлик қилиш мумкин. Бундан ташқари овқат билан газли яхна ичимликлар истеъмоли ҳам тавсия этилмайди.

7.  Овқат рационини тузишда, инсон организмининг ўзига хос хусусиятлари ва яшаш шароити ҳисобга олиниши керак. Тўрт маҳалли овқатланиш мақсадга мувофиқ: кунлик истеъмолнинг 25%и нонушта, 35-40% – тушлик, 10-15% – толма чой ва 25% – кечки овқат бўлиши керак. Уйқудан 2-3 соат олдин овқатланиш керак, асосий истеъмол вақтлари орасида овқатланиш мумкин эмас. Шарбат, конфет, олма – булар алоҳида (қўшимча) овқатланиш тури ҳисобланади.

-Суҳбат учун раҳмат.

-Сўзим якунида барча юртдошларимизга бу синовли кунларда сабр-тоқат тилаб қоламан. Ишонаманки, бу кунларнинг ортда қолишига оз қолди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *