Эпидемиологик вазият яхши давлатлардан келганлар энди карантинга олинмайди

Эпидемиологик вазият яхши бўлган мамлакатлардан Ўзбекистонга кирган фуқаролар келганларидан сўнг карантинда бўлишлари талаб этилмайди. Карантинда сақлаш муддати 7 кунга қисқартирилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 12 августдаги видеоселекторда маълум қилди.

«Эпидемиологик вазият яхши бўлган давлатлардан келган шахсларни карантинга олмаслик тартибини жорий қилиш керак.

Вирус камайган давлатлардан келганларни уй карантинига ва вирус камаймаган давлатлардан келганларни алоҳида карантин зонага олиш керак.

[Энди] 14 кун эмас, 7 кун бўлади – ҳозир мутахассислар 14 кундан 7 кунга қисқартирса бўлади, деяпти», – деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 15 августдан бошлаб карантин босқичма-босқич юмшатилмоқда.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги карантин даврида Ўзбекистонга кириш ва хорижга чиқиш тартиби ҳақида маълумот берган эди.

Карантинда бўлиш муддати июнь ойида 14 кундан 10 кунга қисқартирилиб, коронавирусга чалиниш ҳолатлари камаймаган давлатлардан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқароларга ўзлари истаса карантинни, ҳақини тўлаган ҳолда, меҳмонхонада ўтказиш ҳуқуқи берилган эди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *