Эркин курашчиларимизнинг Токио Олимпиадасига тайёргарлиги муҳокама қилинди

Кеча МОҚ раҳбарияти Ангрен шаҳридаги “Янгиобод” базасида спорт курашлари бўйича терма жамоамиз вакиллари билан учрашгани ҳақида хабар берган эдик. Тоғ ҳудудида ўтаётган йиғинда юнон-рум ва аёллар кураши бўйича жамоамиз шуғулланаётган бўлса, эркин курашчиларимиз пойтахтимиздаги “Динамо” спорти мажмуасида машғулот олиб боришмоқда. Бугун Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов бошчилигидаги мутасаддилар эркин курашчиларимиз билан кўришиш мақсадида мажмуага ташриф буюришди. Учрашувда шунингдек, МОҚ раиси ўринбосари в.б. Шерзод Ташматов ҳам иштирок этди.

Сир эмаски, эркин кураш бўйича миллий терма жамоамиз вакиллари жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида ўзларининг сермаҳсул ва юқори натижалари билан ажралиб туришган. Бироқ ушбу йўналишда ҳозирча Токио-2020 учун йўлланма қўлга кирита олмадик. Олдимизда эса дастлаб Осиё, сўнг жаҳон миқёсида ўтадиган лицензион мусобақа турибди. Бугунги учрашув давомида курашчиларимизни мазкур мусобақаларга пухта тайёрлаб, тўлиқ таркибда лицензиялар олиш билан бирга Олимпиадада ҳам медалларни қўлга киритиш каби масалалар кун тартибининг асосий мавзуси бўлди.

Учрашувда мутасаддилар лицензион мусобақага тайёрланаётган ҳар бир вазн тоифасидаги спортчи билан бирма-бир суҳбатлашди, ижтимоий ҳолатини ўрганишди. МОҚ раиси полвонлар билан гаплашар экан, ҳукуматимиз томонидан Олимпиадага тайёргарлик йўлида барча шароитлар яратиб берилиши, улар қўллаб-қувватланишини таъкидлаб ўтди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашув якунида Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси мутасаддилари ва мураббийлар штаби билан олдинда турган режалар ҳақида фикр алмашилди. Шунингдек, терма жамоа жамоа шифокори Елена Абаева курашчиларимизнинг тиббий-фармакологик таъминоти ва уларнинг саломатлиги борасида ахборот берди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *