Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси 8 йилга дисквалификация қилинди

Грузия ва Ўзбекистон эркин курашчиси Давит Модзманашвили 8 йилга дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Халқаро кураш федерацияси (UWW) қарор чиқарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги маълум қилди.

Модзманашвилининг 2012 йил Лондон олимпиадасида олинган допинг синамаси 2018 йилда қайта текширилганда унда S.1.1 синфига мансуб Dehydrochloromethyltestosterone тақиқланган моддаси аниқланган. 2012 йилда спортчи Грузия олимпия терма жамоаси таркибида кумуш медални қўлга киритган эди.

Курашчида 2008 йилда ҳам допинг аниқлангани боис, бу галги антидопинг қоидабузарлиги учун у 8 йилга дисквалификация қилиниб, спортдан четлаштирилди. Дисквалификация муддати 2018 йил 3 октябридан бошлаб, 2026 йил 2 октябрга қадар белгиланган. Унинг “Лондон-2012” кумуш медали олиб қўйилади ҳамда 2018 йил 3 октябрдан бошлаб, бугунги кунга қадар барча спорт натижалари бекор қилинади. 2012-2018 йиллар оралиғидаги спорт натижалари ва мукофотлари тақдири юзасидан UWW алоҳида қарор чиқаради.

Эслатиб ўтамиз, Давит Модзманашвили 2017 йилдан буён эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *