Эртага Республика Олимпия захиралари коллежида 2020/2021 ўқув йили учун касбий(ижодий) имтиҳонлар бошланади

Эртага, 22 августдан Республика Олимпия захиралари коллежида (собиқ Республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари мактаб-интернати) 2020/2021 ўқув йили учун касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланади.

Айни пайтда Республика Олимпия захиралари коллежида 2020/2021 ўқув йили учун қабул жараёнларини юқори савияда ташкил этиш, касбий (ижодий) имтиҳонларининг адолатли, холис ва шаффоф ўтишни таъминлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Имтиҳон жараёнлари бўлиб ўтадиган спорт иншоотларида санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъий риоя қилиниши белгиланган. Ҳудудга кириш олдидан барча дизенфекцион йўлакчадан ўтиб, шифокор ва ҳамширалар томонидан ҳарорати ўлчанади ҳамда антисептик воситалар ёрдамида вирусдан ҳимояланиш чоралари кўрилади.
Имтиҳонлар вақтида юзага келадиган турли хил муаммоларнинг олдини олиш ҳамда касбий (ижодий) имтиҳонларни юқори савияда ўтказиш мақсадида имтиҳон жараёнлари тўлиқ видеога ёзиб олиниши ҳам ташкил этилади. Имтиҳон бўладиган масканлар тўлиқ шай ҳолатга келтириб қўйилган.

Жорий йил Республика Олимпия захиралари коллежига 296 нафар ўқувчи ҳужжат топширган бўлиб, улардан 145 нафари коллежга қабул қилинади. Ўқув даргоҳига 22та Олимпия ва иккита миллий спорт турлари йўналишларига қабул эълон қилинган бўлиб, бокс, дзюдо, эркин ва юнон-рум кураши, таэквандо ВТФ, сузиш ва албатта футбол йўналишларида рақобат анча юқори.

– 2020/2021 ўқув йили учун қабул имтиҳонларини юқори савияда ташкил этиш бўйича барча зарур чоралар кўрилган, – деди Республика Олимпия захиралари коллежи директори Аваз Каримов. – Имтиҳонлар бўладиган барча секция ва спорт майдонлари тўлиқ дизенфикция қилиб чиқилди. Қолаверса, имтиҳон вақтида ҳам дизенфикция ишлари давом эттирилади. Имтиҳонларни эса малакали мутахассислар кузатиб, баҳолаб боришади. Мақсадимиз – имтиҳонларни ҳалол ва шаффоф ўтказиб, илм даргоҳига энг истеъдодли, қайсики келгусида жаҳон ареналарида Ватанимиз байроғини юқори кўтаришга қодир ёшларни саралаб олишдир.

Маълумот учун: Республика Олимпия захиралари коллежига қабул имтиҳонлари 22 август куни соат 8:00дан бошланади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *